АҚШ Мадуронинг самолётини мусодара қилди
Олам
−
03 Сентябрь
7488АҚШ Венесуэла Президенти Николас Мадурога тегишли самолётни мусодара қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШ самолётни ноқонуний йўллар билан 13 миллион долларга сотиб олингани ва мамлакатдан олиб чиқиб кетилганини даъво қилмоқда.
АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Falcon 900ЕХ самолёти Доминикан Республикасида қўлга олинган ва АҚШнинг Флорида штатига ўтказилган. Самолёт Доминикан Республикасига қандай ва қачон боргани номаълум. Кузатув маълумотлари шуни кўрсатдики, у кеча, 2 сентябрь куни пойтахт Санто Доминго яқинидаги Ла Исабела аэропортидан чиқиб, кўп ўтмай Флорида штатидаги Форт-Лодердейл аэропортига етиб келган.
Венесуэла АҚШнинг бу ҳаракатларини қоралаб, бу “қароқчилик” эканлигини айтди. Венесуэла Ташқи ишлар вазири Иван Гилнинг айтишича, АҚШ бир томонлама ва ноқонуний равишда бутун дунё бўйлаб қўллаётган мажбурлов чораларини амалга оширган.
“Венесуэла ҳукумати миллатга етказилган зарарни қоплаш учун ҳар қандай қонуний чоралар кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади”, дейди у.
АҚШ расмийларининг айтишича, самолёт 2023 йил апрель ойида АҚШдан Қариб денгизи орқали Венесуэлага ноқонуний экспорт қилинган.
Оқ уй миллий хавфсизлик кенгаши вакили бу ҳаракат “Мадуро Венесуэладаги нотўғри бошқарув оқибатларини ҳис қилишини таъминлаш учун муҳим қадам” эканлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Эдмундо Гонсалесни сайловда ғолиб деб тан олганини расман эълон қилганди. Шунингдек, Давлат котиби Энтони Блинкен Венесуэладаги сиёсий кучлар президентлик ваколатларини мухолифат етакчиларидан бири Эдмундо Гонсалесга топшириш масаласини муҳокама қилишни бошлаш вақти келганини билдирган. Бунга жавобан Венесуэла Президенти Николас Мадуро АҚШни мамлакат ички ишларига аралашмасликка чақирганди.
LiveБарчаси