Афинада кучли портлаш оқибатида кўп қаватли уй қулади. Қурбонлар бор

Олам

−

image

Греция пойтахти Афинада портлаш оқибатида турар жой биноси қулаб, бир киши ҳалок бўлди, беш киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда Греция ёнғин хизмати вакиллари маълум қилди.

Портлаш кеча, 25 сентябрь куни Афинанинг сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган Плака ҳудудида содир бўлган. Қайд этилишича, икки қаватли бино бутунлай вайрон бўлиб, уч киши жароҳатланган, шунингдек, атрофдаги уйлар, дўконлар ва автомобилларга зарар етган.

Манбага кўра, қутқарувчилар махсус тайёрланган итлар ёрдамида вайроналар остида қолганларни изламоқда. Ёнғин хизмати вакилига кўра, бинода яшаган кекса жуфтлик ҳамда бошқа хонадонда турган тўрт нафар сайёҳдан ҳали дарак йўқ.

Қутқарув ишлари давомида бугун, 26 сентябрь куни эрталаб вайроналар орасидан ёш аёлнинг жасади топилган. Портлашдан кейин бино металл конструкциялар, синган балконлар ва осилиб турган бетон бўлакларидан иборат вайронага айланган.

Полиция вакилининг маълум қилишича, шахси ва фуқаролиги ҳозирча аниқланмаган тўрт сайёҳ 25 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 да Афина аэропортидан учиш учун меҳмонхонадан чиқиши керак бўлган. Бироқ улар белгиланган вақтда утиб бормаган.

Портлашга нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Ҳодиса кўплаб меҳмонхоналар ва қисқа муддатли ижара уйлари жойлашган ҳудудда содир бўлган.

Афина мэри Харис Дука портлаш газ инфратузилмаси билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтган.

“Нимадир жуда ёмон тарзда нотўғри кетган”, деган у.

Маълумот учун, Плака Афинанинг энг машҳур сайёҳлик ҳудудларидан бири бўлиб, у Акрополь ва Зевс ибодатхонаси каби шаҳарнинг асосий диққатга сазовор жойлари яқинида жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Филиппиндаги Анхелес шаҳрида қурилаётган тўққиз қаватли меҳмонхона биноси ишчилар устига қулаб тушганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг