Филиппинда янги меҳмонхона ишчилар устига қулади
Олам
−
12:22 2053 1 дақиқа
Филиппиндаги Анхелес шаҳрида қурилаётган тўққиз қаватли меҳмонхона биноси қулаб тушди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Шаҳар маъмурияти вакили Жеи Пелаёнинг сўзларига кўра, қутқарувчилар вайроналар остида қолган камида икки киши билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлган.
“Улар доимий алоқада. Қутқарувчиларимиз омон қолганларни вайроналар остидан чиқариш учун бор кучини сарфламоқда”, деган у.
Воқеа маҳаллий вақт билан соат 03:00 атрофида Балибаго ҳудудидаги Теодоро кўчасида содир бўлган. Бино меҳмонхона ёки апарт-отель сифатида қурилаётган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, 24 киши қутқариб олинган, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. Ҳозир қутқарувчилар вайроналар остида қолган одамларни қидиришда давом этмоқда,
Дастлаб маҳаллий ҳокимиятлар вайроналар остида 30–40 киши бўлиши мумкинлигини билдирган. Бу маълумотлар қурилиш бригадаси устасининг ҳикоясидан кейин пайдо бўлган – у ўзи ва яна ўн нафар ишчи бино қулашидан олдин чиқиб кетишга улгурганини айтган. Кейинчалик шаҳар муҳандиси қурилишда 19 киши ишлаган бўлиши мумкинлигини маълум қилган. Ҳозир расмийлар ичкарида нечта одам бўлганини аниқламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Испаниянинг жануби-шарқида маҳаллий поезд устига кран тушиб кетганди. Ҳодиса Мурсия минтақасидаги порт шаҳри Картахена яқинида содир бўлган. Минтақа фавқулодда хизматлари маълумотига кўра, воқеа оқибатида тўрт нафар киши енгил тан жароҳати олган.
Live
Барчаси