Афғонистон ОТМларида ўқиш бошланди. “Толибон” талабаларга қандай талаб қўймоқда?

Олам

image

“Толибон” ҳаракати ҳокимияти ўрнатилган Афғонистонда олий таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди. Ҳокимият ўзгариши ОТМлардаги ўқув жараёнига таъсирини ўтказмай қолмади.

Ҳаракат университетларда талаба қизлар ва йигитлар биргаликда ўқишини тақиқлади. Бу ҳақда мамлакат Олий таълим вазири Абдул Баки Ҳаққоний маълум қилди.

Ҳаққонийнинг таъкидлашича, талаба қизлар учун хавфсиз таълим муҳити таъминланади.

Мамлакатнинг собиқ Олий таълим вазири Аббос Басирнинг айтишича, “Толибон” ўтган 20 йил ичида таълим соҳасидаги эришилган ютуқларини сақлаб қолишга ваъда берган. 

Журналист Башир Аҳмад Гваҳ Twitter'даги саҳифасида мамлакатда эркаклар аёлларга дарс бериши расман тақиқлангани ҳақида ёзган. 

Журналистнинг ёзишича, бундай қарор қизларни олий маълумот олиш ҳуқуқидан маҳрум қилади, чунки университетлар етарлича аёл ўқитувчиларни ёллашга қодир эмас.

Эслатиб ўтамиз, “Толибон” вакили Забиҳулла Мужоҳид Афғонистоннинг янги ҳукуматида аёл вазирлар бўлмаслигини айтган эди, шунингдек, ҳаракат аёлларнинг Ҳирот вилоятидаги саноат зонасига киришини тақиқлаган.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, “Толибон” Қобулни эгаллаб, ҳокимиятга келган кезлари мамлакатда аёллар ҳуқуқларини таъминлашга ваъда берганди.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Қайд этиш керакки, ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ

Баҳолаганлар

173

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг