Тошкентдаги ОТМларда дарсларнинг бошланиш вақти ўзгарди
Жамият
−
12:52 2679 2 дақиқа
2026/2027-ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим ташкилотларининг биринчи сменасидаги ўқув машғулотлари соат 08:00 да бошланади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, янги тартиб пойтахтдаги транспорт оқимини самарали ташкил этиш, эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда йўллардаги юкламани камайтириш ҳамда таълим жараёнини янада мақбул ташкил этишга қаратилган.
Вазирликка кўра, дарсларнинг эртароқ бошланиши талабалар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг ҳаракатланиш вақтини оқилона режалаштириш, кун давомида ўқув жараёнини самарали ташкил этиш ва шаҳардаги транспорт оқимини мақбуллаштиришга хизмат қилади.
Тошкент шаҳридаги олий таълим ташкилотлари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, педагоглар ва талабалар янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнида мазкур тартибни инобатга олишлари сўралган. Шунингдек, таълим ташкилотларида машғулотларни белгиланган вақтда бошлаш, ўқув жараёнини тегишли равишда ташкил этиш ҳамда талабалар учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилиши билдирилган.
Вазирлик мазкур тартибни жорий ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳридаги олий таълим ташкилотларининг фақат биринчи сменасидаги ўқув машғулотларига тааллуқли эканини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий таълим ташкилотларида талабаларни янги ўқув йилига муносиб кутиб олиш, уларни турар жой билан таъминлаш ва юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезкор бартараф этиш мақсадида “Долзарб қирқ кунлик” эълон қилинган эди.
Live
Барчаси