Ўзбекистонда талабалар учун “Долзарб қирқ кунлик” эълон қилинди
Жамият
−
18:07 555 2 дақиқа
Олий таълим ташкилотларида талабаларни янги ўқув йилига муносиб кутиб олиш, уларни турар жой билан таъминлаш ва юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезкор бартараф этиш мақсадида “Долзарб қирқ кунлик” эълон қилинди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инноватсиялар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг 2026 йил 21 августдаги 356-сон буйруғи билан таълим ташкилотларини янги ўқув йилига тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб нишонлаш бўйича қатор вазифалар белгиланган.
Шунингдек, жорий йилнинг 20 августидан 30 сентябригача олий таълим муассасаларида “Долзарб қирқ кунлик” ўтказилади. Ушбу даврда талабаларни янги ўқув йилига муносиб кутиб олиш, уларни турар жой билан таъминлаш ва юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезкор бартараф этишга эътибор қаратилади.
2026/2027 ўқув йилида дарслар 1-босқич талабалари учун 7 сентябрдан, 2-босқич ва ундан юқори курслар учун эса 14 сентябрдан бошланади.
Талабаликка тавсия этилган шахсларга тўлов-контракт маблағларини шартномада белгиланган миқдор ва муддатларда тўлагунга қадар фармойиш асосида ўқув машғулотларида қатнашишга рухсат берилади.
Биринчи босқич талабалари учун янги ўқув йилида тантанали кутиб олиш маросимлари, “Кредит таълими тизимига кириш” ҳафталиги ҳамда “Талабаликка бағишлов” тадбирларини ташкил этиш белгиланган.
Сентябрь ойида таълим ташкилотларида “Ягона ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!” шиори остида “Мустақиллик дарслари” ҳам ўтказилади. Уларда жадидлик ҳаракати намояндалари ва қатағон қурбонларига бағишланган машғулотлар, давра суҳбатлари, уч авлод учрашувлари, викторина ва кўрик-танловлар ҳамда спорт мусобақалари ташкил этилади.
Бундан ташқари, олий таълим ташкилотлари олдига ўқув бинолари ва талабалар турар жойларини янги ўқув йилига тайёрлаш, профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш ҳамда ўқув-услубий ҳужжатлар билан таъминлаш вазифалари қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026/2027 ўқув йилида академик лицей, техникум ва олий таълим муассасаларида ўқув жараёнлари қайси санадан бошланиши эълон қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси