Ўзбекистонда ОТМ битирувчиларининг 83 фоизи ишли. Ишонасизми?

Local

image

Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари битирувчиларининг аксарияти ўқишни тамомлагач иш билан таъминланган. Бу ҳақда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигининг “Битирувчилар сифати индекси” (BSI) платформасида маълумот берилган.

Қайд этилишича, таҳлил 170 та олий таълим ташкилотини тамомлаган 249 432 нафар битирувчининг меҳнат бозоридаги натижаларини қамраб олган. Уларнинг 206 951 нафари яъни 83 фоизи иш билан банд.

Платформадаги маълумотларга кўра, битирувчиларнинг 41 006 нафари (16,4 фоиз) ишсиз. Шунингдек, 19 314 нафари (7,7 фоиз) таълимни давом эттирмоқда, 48 125 нафари (19,3 фоиз) эса бола парваришлаш таътилида.

Таҳлилда 1 316 нафар (0,5 фоиз) битирувчи хорижий фуқаро экани, 159 нафари (0,1 фоиз) вафот этгани ҳам кўрсатилган. Таълимни давом эттираётганлар, ҳарбий хизматни ўтаётганлар, бола парваришлаш таътилидагилар, вафот этганлар ҳамда хорижий фуқаролар соф бандлик кўрсаткичини ҳисоблашда инобатга олинмаган.

Битирувчиларнинг ўртача иш ҳақи 4,9 миллион сўмни ташкил этган. Уларнинг биринчи ишга жойлашишига ўртача 2 ой 27 кун кетган. Сўнгги олти ойда барқарор банд бўлган битирувчилар улуши эса 42,9 фоизни ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида битирувчилар сифати индексининг энг юқори кўрсаткичи Навоий вилоятида – 62,5 балл қайд этилган. Кейинги ўринларда Сурхондарё вилояти – 62,1 балл ва Тошкент шаҳри – 59,9 балл турибди.

Умуман, BSI бўйича Ўзбекистон олий таълим битирувчиларининг умумий сифати индекси 100 баллдан 53,4 баллни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистондаги олийгоҳлар битирувчиларининг ўртача ойлик иш ҳақи 5,1 миллион сўмни қайд этгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends