“Толибон” аёлларга қай ҳолатда ўқиш ва ишлаш имкониятини бериши маълум бўлди
Олам
−
04 Сентябрь 2021
12081Афғонистонда ҳижобли аёллар ўқиш ва ишлаш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда “Толибон” ҳаракати Матбуот котиби Суҳайл Шоҳин маълум қилди.
Шоҳинга кўра, АҚШ мамлакат маданиятини ўзгартиришга уринмаслиги керак.
“Аёлларнинг ҳуқуқлари ҳурмат қилинади. Уларда таълим ёки иш билан боғлиқ муаммолар бўлмайди. Лекин биз (Афғонистон ва АҚШ — таҳр.) бир-биримизнинг маданиятимизни ўзгартиришга уринмаслигимиз керак. Сизнинг сўзларингизга кўра, ҳижобсиз аёллар таълим олишлари керак — бу маданиятни ўзгартиришга уриниш. Бу сизнинг маданиятингизда рухсат берилган. Бизнинг маданиятимизда улар (аёллар — таҳр.) ҳижоб кийган ҳолда таълим олиши, ишлаши мумкин”, деган Шоҳин.
Бундан аввал “Толибон” ҳаракатининг юқори мартабали вакили Воҳидулла Ҳошимий аёллар учун мажбурий кийиниш масаласини ислом илоҳиётчилари кенгаши ҳал қилишини айтганди.
“Толибон” вакили Забиҳулла Мужоҳиднинг айтишича, Афғонистоннинг янги ҳукуматида аёл вазирлар бўлмайди. Бундай баёнотлар фонида фаол аёллар Қобул ва Ҳиротда ўз ҳуқуқларини ҳурмат қилишни ва Афғонистон ҳукуматида иштирок этишни талаб қилиб намойиш ўтказганди.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.
Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
Қайд этиш керакки, ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.
LiveБарчаси