“Адолат”га адолатсизлик бўлдими? Партия баёнот билан чиқди
Жамият
−
24 Декабрь 2019
8285Жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари учун ўтган сайлов натижаларига кўра, “Адолат” социал-партияси қонунчилик палатасида 21 ўринни эгаллаб, умумий рейтингда учинчи бўлди.
Алоҳида таъкидлаш ўринлики, сайловолди кампания нуқтаи назаридан кўпчилик “Адолат” СДПнинг ҳукмрон партиядан кейинги ўринни эгаллашини кутган эди. Боиси, “қовун тушириш”лар сайлов ўтгунга қадар биргина “Адолат” СДПда кўзга ташланмади. Партия эса ўзининг учинчи ўринда қайд этилганига қуйидагича муносабат билдирди.
“Тўрда ўтирганингда, “У нега бу ерда?”, деб аслида пастдан жой эгаллашинг кутиладиган ҳолатга тушма, балки пойгакдан қўним топганингда “Нега бу ерда ўтирибсиз?”, дея ажабланиб, аслида давра тўрини сенга муносиб деб ўйланадиган даражада бўл”, деган нақл бор.
Халқимиз, журналистлар томонидан "Нега "Адолат" юқорироқ ўринни олмади?" дея берилаётган саволлар оғриқли бўлса-да, айни вақтда кайфиятимизни кўтармоқда. Ҳали ҳаммаси олдинда...
Парламентда нечта ўрин олишимизга қарамай сайловолди берилган ваъдаларни бажариш, халқимиз муаммоларини бартараф этиш учун курашамиз.
Кимлар учундир жанг тугагандир, аммо "Адолат" социал-демократик партияси учун ҳаммаси энди бошланмоқда...
Халқимизнинг Адолатга бўлган ишончи, эътирофини оқлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширамиз.
Сайловолди ташвиқотда биз билан бирга бўлган барча оммавий ахборот воситалари ходимларига, блогерларга чексиз миннатдорчилик билдирамиз!
Адолат йўлидаги ҳамкорлигимиз бардавом бўлишидан умидвормиз...”
Эслатиб ўтамиз, 22 та сайлов округида ҳеч бир номзод 50 фоиздан кўп овоз тўплай олмаган, шу сабабли такрорий овоз бериш ўтказилади.