Ўқувчилар машинада ЙТҲ содир этгани ортидан вазирларга сўров юборилди

Жамият

image

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов мамлакатда автомототранспорт воситаларини қисқа муддатга ижарага бериш фаолиятини ноқонуний амалга ошириш ҳолатлари ва бунинг оқибатида келиб чиқаётган оғир вазиятлар юзасидан жиддий ташвиш билдириб, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Рустамович Маҳкамов ҳамда Ички ишлар вазири Азиз Анварович Тошпўлатовга депутат сўрови билан мурожаат қилди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, депутат ўз сўровида сўнгги йилларда фуқароларга сифатли сервис хизматини кўрсатиш бўйича ислоҳотлар амалга оширилаётганига қарамай, айрим “тадбиркорлар” инсон ҳаёти ва соғлиғидан ўз манфаатларини устун қўйиб, белгиланган қоидаларни четлаб ўтаётганига эътибор қаратган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 декабрдаги 1015-сон қарори билан тасдиқланган “Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисида низом” талаблари қўпол равишда бузилмоқда. Ушбу низомга кўра, транспорт воситаларини ижарага бериш фаолияти билан фақат қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган юридик шахслар шуғулланиши ва ижарачидан, албатта, тегишли ҳайдовчилик гувоҳномаси тақдим этилиши шарт.

“Бироқ партиядошимиз таъкидлаганидек, амалда бу талабларга ҳар доим ҳам риоя этилмаяпти. Бунга мисол сифатида сўнгги кунларда Наманган вилоятида юз берган бир қатор аянчли ҳодисалар келтирилган”, дейилади хабарда. 

Маълум бўлишича, “Namangan yezda moshina” каби Telegram гуруҳлари орқали юқоридаги қарор талабларига зид равишда, ҳатто вояга етмаган ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларга ҳам автомобиллар ижарага берилмоқда.

Бу эса, ўз навбатида, оғир йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлмоқда. Жумладан, 2024 йил 2 октябрь куни Наманган шаҳрида 5 нафар ўқувчига ноқонуний ижарага берилган Gentra автомашинаси иштирокидаги ЙТҲ оқибатида уч нафар ўсмирнинг ҳаётдан бевақт кўз юмгани ачиниш билан қайд этилган.

“Депутатимиз бундай ноқонуний фаолият мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам учраётган бўлиши мумкинлиги ва уларнинг ҳаракатларига ўз вақтида ҳуқуқий баҳо берилмаслиги янада мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирган”, дейилади хабарда.

Шу муносабат билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовдан қуйидаги масалаларга ойдинлик киритишни сўраган:

  • Биринчидан, автомототранспорт воситаларини қисқа муддатга ижарага бериш фаолиятини ноқонуний амалга оширувчи шахсларни барвақт аниқлаш борасида қандай ишлар қилинмоқда?

  • Иккинчидан, аниқланган қонунбузарларга нисбатан қандай чоралар кўрилмоқда?

  • Учинчидан, бу каби ҳуқуқбузарликлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

  • Тўртинчидан, мазкур масала юзасидан вазирларнинг шахсий нуқтаи назари қандай?

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 апрель куни Наманган вилоятининг Давлатобод туманида мактаб ўқувчилари бошқарувидаги Nexia-3 юк машинаси билан тўқнашиб кетганди. Суриштирув ишлари давомида маълум бўлишича, 11-синф ўқувчиси автомобилни 9-синф ўқувчиларига 2 соатга, 220 минг сўм эвазига ижарага берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Адолат СДП депутат сўрови Дилмурод Исмоилов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг