Қашқадарёда 14 ёшли бола машина ҳайдаб, ЙТҲ содир этди. Қурбонлар бор
3-саҳифа
−
23 Апрель
5207Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида 14 ёшли бола машина бошқариб, ҳалокатга учради. Машина ичида бўлган шерикларидан икки нафари ҳодиса жойида вафот этди. Бу ҳақда “Ҳудуд” дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 19 апрель куни Қарши тумани Қозикент маҳалласида 14 ёшли вояга етмаган бола ўз отасининг машинасини рухсатсиз олиб чиққан ва ҳалокатга учраган. Оқибатда автомашина ичида бўлган унинг икки нафар дўсти воқеа жойида ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, машина салонида жами 5 киши бўлган. 2011 йилда туғилган мактаб ўқувчиси Gentra русумли машинани тез ҳайдаши оқибатида бошқарувни йўқотган ва йўл четида тўхтаб турган юк машинасига бориб урилган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва айни дамда Қарши туман ички ишлар органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 апрель куни Наманган вилоятининг Давлатобод туманида мактаб ўқувчилари бошқарувидаги Nexia-3 юк машинаси билан тўқнашиб кетганди. Суриштирув ишлари давомида маълум бўлишича, 11-синф ўқувчиси автомобилни 9-синф ўқувчиларига 2 соатга, 220 минг сўм эвазига ижарага берган.
LiveБарчаси