Европада сиёсий жанжал ҳиди - Дуров тилга кирди

Таҳлил

Telegram мессенжери асосчиси Францияда 7 ой давомида ушлаб турилганидан сўнг биринчи бор у ерда ўзи билан нималар содир бўлгани ҳақида сўз очди. Тафсилотлар эса жуда қизиқ. Дуровнинг мазкур очиқламаси Европада кескин сиёсий можаро келтириб чиқариши мумкин. Чунки гап қитъанинг айни дамдаги ростмана лидери Франциянинг бошқа бир давлатнинг ички ишларига хуфиёна аралашиши, бўлиб ҳам сайловларга таъсир қилмоқчи бўлгани ҳақида кетяпти. Унинг ёзишича, жорий йил баҳорда Париж шаҳрида жойлашган меҳмонхоналарнинг бирида француз разведкаси раҳбари Николас Лернер Дуровдан сайловлар олдидан Руминиядаги консерватив овозларни ўчиришни сўраган. У эса бу талабни рад этган.

“Ғарбий Европа ҳукумати (тахмин қилинг, қайси?) бугунги президентлик сайловлари олдидан Руминиядаги консерватив овозларни ўчиришни сўраб, Telegram'га мурожаат қилди. Мен қатъиян рад этдим. Telegram руминиялик фойдаланувчиларнинг эркинликларини чекламайди ёки уларнинг сиёсий каналларини блокламайди. Сиз демократияни йўқ қилиш орқали “демократияни ҳимоя қила олмайсиз”. Сиз сайловларга аралашиш орқали “сайлов аралашувига қарши кураша олмайсиз”. Сизда сўз эркинлиги ва адолатли сайловлар бор бўлиши мумкин ёки йўқ. Руминия халқи эса иккаласига ҳам муносиб”, деб ёзди Дуров.

Дуров ўз мессенжери бу каби ишларни Россия, Беларусь ва Эронда қилмагани каби Европада ҳам амалга оширмаслигини билдирди. 

Дарвоқе, Павел Дуров ростдан ҳам ўз платформасига ташриф буюрувчиларнинг маълумотлар базасини учунчи томонга бермаслик ортидан Россияда кескин қаршиликларга учраган ва ҳатто ўзига тегишли бўлган VKontakte'дан кетишга ҳамда Россияни тар этишга ҳам мажбур бўлган. 

Масалан, 2011 йилги Дума сайловларида амалдаги ҳукумат мухолифат сиёсатчиларининг саҳифаларини ўчиришни талаб қилиб VKontakte'га босим ўтказади. Дуров эса ўз принципларига содиқ қолган ҳолда бу талабга рад жавобини беради. Бу Кремль ва Дуров ўртасидаги илк тўқнашув эди. Кейинги йиллар эса мазкур тушунмовчиликлар янада кучайди ва улар ўртасидаги муносабатлар орқага кетди. 2014 йилнинг 1 апрелида Дуров тўсатдан директорлар кенгашига истеъфога чиқиш ҳақида ариза берди. Бунга асосий сабаб эса унинг Украина билан можарода VKontakte'ни Россия қўлидаги қурол бўлишига йўл қўймаганлиги эди. 

2014 йилнинг 16 апрелида Дуров россияпараст президент Виктор Януковичга қарши украиналик намойишчиларнинг шахсий маълумотларини Россия Федерал хавфсизлик агентлигига топширишдан бош тортади. Бундан ташқари, у Кремлнинг ашаддий мухолифати ва Путиннинг ҳақиқий бош оғриғига айланган Алексей Навалнийнинг VKontakte'даги саҳифасини блокировка қилишга ҳам рози бўлмайди. Ўша йилнинг 21 апрелда Дуров VKontakte бош директори лавозимидан озод этилди. У компанияни амалда Владимир Путиннинг одамлари эгаллаб олганини айтди ва унинг ишдан бўшатилиши ҳам фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини федерал ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига беришдан бош тортгани ортидан содир бўлди. 

Шундан сўнг Дуров Россияни тарк этиб, “орқага қайтиш нияти йўқлигини” ва “ҳозирда мамлакат интернет-бизнесига тўғри келмаслигини” айтган. Бугун эса Telegram'дан эндиликда Париж ҳам шундай нарсани сўраганини Дуровнинг ўзи Х ижтимоий тамоғидаги саҳифасида маълум қилгач, энг биринчилардан бўлиб, платформа эгаси Илон Маск томонидан қўллаб-қувватланди. У Дуровнинг пости тагида “эшитинг” дея изоҳ қолдирди. Ўзи Маск анчадан буён Европадаги сайловлар ва мазкур жараёндаги камчиликларни кескин танқид остига олмоқда. 

Расмий Париж эса бу айбловларни қатъиян рад этди ва барчани масъулият ва Руминия демократиясини ҳурмат қилишга чақирди. Франция Ташқи ишлар вазирлиги Telegram ва X'да Франциянинг Руминиядаги президентлик сайловларига аралашуви бўйича мутлақо асоссиз айбловлар тарқалаётгани ва Франция бу айбловларни рад этишини маълум қилди. 

Франция ТИВнинг эслатишича, ўтган декабрь ойида Руминияда бўлиб ўтган президентлик сайловларининг биринчи босқичи Россия билан боғлиқ бўлган актёрларнинг жуда реал рақамли ва молиявий аралашуви оқибатида Руминиянинг ваколатли органлари томонидан суверен равишда бекор қилинган. Кейинчалик Руминия расмийлари ва Европа Комиссияси томонидан олиб борилган кейинги текширувлар ушбу аралашувларнинг жиддийлигини, жумладан TikTok алгоритмини манипуляция қилиш билан боғлиқлигини тасдиқлаган. 

Шу билан бирга, Руминия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам овоз беришда “Россия аралашуви аломатлари”ни сезганини эълон қилди. Вазирлик “Telegram ва бошқа ижтимоий тармоқларда сохта янгиликларнинг вирусли кампанияси олиб борилганини” таъкидлаган.

Руминияда нима бўлди?

Ўтган йил ноябрь ойи охирида Руминияда президентлик сайлови бўлиб ўтганди. Сайловнинг биринчи босқичида россияпараст номзод сифатида кўрилган Келин Жоржеску ғолиб бўлганди. У Украинага ёрдамни тўхтатиш тарафдори бўлгани боис шундай қаршиланган. Сайловолди кўрсаткичлар унинг ғалабасига ишора қилмасада, Жоржеску салкам 23 фоиз овоз билан биринчи тур пешқадамига айланди.  Иккинчи ўринни эса НАТО ва АҚШ билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдиган мухолифат партияси – “Руминияни қутқариш иттифоқи” лидери Елена Ласкони эгаллади. Ҳеч бир номзод 50 фоиздан кўп овоз олмагани сабабли Руминияда Жоржеску ва Ласкони иштирокида сайловларнинг иккинчи босқичи ўтказилиши керак эди. 

Бироқ Руминия Конституциявий суди ўтказилган овоз бериш натижаларини бекор қилди. Натижаларни бекор қилиш қарори сайловда Жоржеску фойдасига таъсир кўрсатганини тасдиқловчи разведка маълумотлари борлигини маълум бўлганидан сўнг қабул қилинди. Улар орасида TikTok видео платформасида “манипуляция қилинган” инфлюенсерлар орқали партизан кампанияси, шунингдек, 85 000 дан ортиқ киберҳужумлар борлиги айтилди. Разведка маълумотларига кўра, Руминия Россиянинг “тажовузкор” гибрид фаолияти, жумладан киберҳужумлар, маълумотларнинг сизиб чиқиши ва саботажнинг нишони бўлган. Мазкур иш ортидан россияпараст номзод Келин Жоржеску ҳибсга олинди. Маълумотларга кўра, унга конституциявий тузумга путур етказиш ва сайлов компаниясини ноқонуний молиялаштириш мақсадида фашистик ташкилот тузиш айблови қўйилган.

Энди эса Дуров ва Франциянинг бу ишдаги ролига навбат келди. Юқорида таъкидланганидек, унга француз разведкаси раҳбари баҳор ойида Руминиядаги консерватив руҳдаги овоз берувчиларга таъсир ўтказиш сўралган. Қизиғи шундаки, Руминияда президентлик сайловининг биринчи босқичи 4 май куни бўлиб ўтди. Натижаларга кўра, либерал номзод Никошур Дан мазкур босқичда бор йўғи 21 фоиз овоз тўлади. Унинг асосий рақиби консерватор қарашларга эга Жорж Симион эса 41 фоизга яқин овоз билан биринчи турни пешқадам сифатида якунлади. Ҳеч ким 50 фоиздан кўп овоз ололмагани боис иккинчи турга мурожаат қилинди. Навбатдаги турда эса кутилмаганда пойтахт Бухарестнинг ўша либерал-прогрессив мэри Никошур Дан ғалаба қозонди. Сайлов бюллетенлари ҳисобланганидан кейин пойтахтнинг либерал мэри 54 фоиз овозга эга бўлиб, рақиби, 46 фоиз овоз олган ўта ўнгчи, консерватор Жорж Симионни ортда қолдирди. Ваҳоланки, у биринчи турда Симиондан нақд 20 фоизга ортда қолаётганди. 

Дуров қандай қўлга олинганди?

Ўтган йили ёз ойларида Telegram асосчиси Павел Дуров Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилганди. Орадан кўп ўтмай у Кавказортида пайдо бўлди ва бу унинг шу йилги сўнгги саёҳати бўлди. Бакудаги ташрифдан сўнг, Дуров Покистонга йўл олиши ва Шарқ мамлакатларидаги турнесини давом эттириши кутилганди. Лекин унинг шахсий самолёти шартли равишда Карачи ёки Дакканинг ўрнига Парижга йўл олгани ортидан унинг учувчилари Ғарб махсус хизматлари томонидан сотиб олинганини даъво қилинди. Чегарада эса АҚШ Марказий разведка бошқармаси ва Франция хизматлари тегишли чораларни амалга оширган ҳолда Дуровни ҳибсга олгани айтилди. Бунгача эса ортда қолган вақт давомида ўзининг кам сонли интервьюларида АҚШ Telegram'ни ўз назорати остига олишга интилаётгани тўғрисида сўз очганди. 

Дуров 24 август куни кечки пайт Франциянинг Ле Бурже аэропортида бир неча айбловлар билан ҳибсга олинди. Павел Дуровнинг Францияда ҳибсга олиниши махсус хизматларнинг “Париждаги кечки овқат” номли тезкор операцияси натижаси экани ҳақида ёзишди. Дастлаб, кўпчилик бу ҳибснинг мақсади Россиядаги алоқа тизимига зарба бериш эканини тахмин қилганди. Чунки руслар Дуровнинг Парижда қўлга олинишини хавотир билан қарши олганди. Масалан, Эcолибри  муҳандислик-лойиҳалаш маркази маслаҳат кенгаши раиси Алексей Рогозин “Павел Дуровнинг ҳибсга олиниши Россия Қуролли кучларнинг алоқа бўйича масул раҳбари ҳибсга олиниши билан баб-баробар”, деганди. Рогозинга Россиядаги айни уруш шароитида барча разведка маълумотлари хусусан, артиллерия нишонлари корректировкаси, видеооқимлар ва кўплаб маълумотлар Telegram воситасида олинишини очиқлаганди. 

Бундан ташқари, Россияда давлат амалдори ва барча расмийларга Telegram ижтимоий тармоғидаги расмий ёзишмаларни ўчириш бўйича кўрсатма берилгани ҳақида хабарлар ҳам тарқалди. Манбаларга кўра, бундай буйруқ қатор ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, шунингдек, Президент маъмурияти ва Россия ҳукумати ходимларига келган. Бундан ташқари, бундай кўрсатма Россия Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали қўмондонлари, шунингдек, айрим йирик тадбиркорларга ҳам ўша заҳотиёқ берилганди. Францияда эса Дуровга ваколатли органлар сўровига кўра маълумот беришдан бош тортиш, вояга етмаганларнинг порнографик тасвирларини сақлашга шериклик, гиёҳванд моддаларни тарқатишда иштирок этиш каби айбловлар қўйилди. Ўшанда мутахасислар бу айбловлар билан Дуров Францияда 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкинлигини таъкидлаганди. 

Орадан 4 кун ўтиб, 28 августда Дуров Парижда ҳибсдан 5 миллион евро гаров эвазига озод қилинди. Аммо унга Франциядан чиқиб кетиш тақиқланди ва ҳафтасига икки марта полицияга хабар бериб туриши белгилаб қўйилди. Шу тариқа ижтимоий тармоқ палтформалари соҳасидаги чинакам новатор Францияда нақд 7 ойга яқин ушлаб турилди. Жорий йилнинг 13 март куни Франция суди томонидан Дуровга мамлакатдан чиқиб кетишга рухсат берилди ва у Дубайга қайтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Сайлов Павел Дуров Telegram Руминия Никошур Дан Жорж Симион

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг