Абитуриентларнинг ярмидан кўпи ўтиш баллини йиғолмаганига ХТВ муносабат билдирди

Жамият

image

Аввалроқ, жорий йилда олий таълим муассасаларида ўқиш учун имтиҳон топширган абитуриентларнинг ярмидан ортиғи ўтиш балининг энг қуйи чегараси – 56 баллни тўплай олмагани ҳақида хабар бергандик. Ушбу масала юзасидан Халқ таълими вазирлиги муносабат билдирди. 

“Албатта, давлатимиз равнақи ва келажаги, халқимизнинг фаравон турмуш тарзини таъминлашда бугунги ёш авлод камолотининг ўрни ва аҳамияти нақадар муҳим эканлигини барчамиз яхши англаб турибмиз. Шу боисдан бу борада куюнчаклик билан билдирилаётган турли фикр-мулоҳазаларнинг ҳам жуда ўринли эканлигини таъкидлаб ўтамиз.

Муҳокама қилинаётган кўрсаткичлар барча тест синовларида қатнашган 1 миллиондан ортиқ абитуриентларнинг натижалари эканлигига ҳам эътиборни қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз”, дейилади хабарда. 

Шу ўринда, ХТВ бир қатор статистик рақамларга эътибор қаратган. Хусусан, 2022 йилги тест синовларида иштирок этган жами абитуриентларнинг 386 523 нафар ёки 24 фоизини жорий йилги мактаб битирувчилари ташкил этади. 810 мингдан ортиқ ёки 76 фоиз абитуриентлар касб-ҳунар мактаблари, академик лицейлар битирувчилари ва энг асосий қисми олдинги йиллар давомида олий таълим муассасаларига қабул қилинмаган ёшлардан иборат.

2021 йилда битирувчиларнинг ўртача балли (самарадорлик кўрсаткичи) 2020 йилга нисбатан 69,8 баллдан 74,9 баллга, яъни,+5,1 баллга ошган. Шунингдек, паст натижа кўрсатган (56,7 баллдан кам) битирувчиларнинг улуши 2021 йилда 2020 йилга нисбатан қарийиб -13 фоиз ёки -35 232 нафарга камайган. Жумладан, 2020 йилда 56,7 баллдан паст натижа кўрсатган битирувчи-ўқувчилар 138 780 нафар (ёки 46 фоиз)ни ташкил қилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 103 548 нафар (ёки 33 фоиз)ни ташкил этган.

“Албатта, ҳозирги кундаги мактаб битирувчиларининг билими ва кўникмалари паст эканлигини қайд этиш керак. Ҳозирги кунда мактаб таълимида таълим мазмунини янгилаш ҳамда педагогларнинг малакасини ошириш бўйича бошланган қадамлар, секин-асталик билан битирувчиларнинг даражасига ижобий таъсир кўрсатади, деб ўйлаймиз.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтишни истардикки, ҳозирги вақтда Халқ таълими вазирлиги томонидан Давлат тест маркази билан ҳамкорликда битирувчиларнинг мактаб якуний давлат имтиҳонлари натижаларига кўра олий таълим муассасаларига киришини ташкил этиш, мактаб битирув имтиҳонларини унификациялаштириш борасида ишлар олиб борилмоқда”, дейилдади вазирлик муносабатида. 

Маълумот учун, 2022 йилги мактаб битирувчиларининг тест синовларида эгаллаган ўртача балл кўрсаткичлари Давлат тест маркази томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида жорий йилнинг октябрь ойида тўлиқ таҳлил этилади ва жамоатчиликка етказилади.


Мақола муаллифи

Теглар

имтиҳон ХТВ

Баҳолаганлар

834

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг