Абитуриентларга ОТМ ва йўналиш танлаш тартиби маълум қилинди
Жамият
−
10:51 2312 2 дақиқа
Бугун, 25 июлдан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида иштирок этган абитуриентлар учун олий таълим ташкилоти ва бакалавриат таълим йўналишини танлаш жараёни бошланди. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, танлов жараёни жорий йилнинг 8 августига қадар давом этади ҳамда “аввал тест – сўнг танлов” тамойили асосида амалга оширилади.
Абитуриентлар тест топширган фанлар мажмуаси ва таълим тилига мос равишда 5 тагача олий таълим ташкилоти ва бакалавриат таълим йўналишини танлаши мумкин. Шунингдек, ҳар бир йўналиш бўйича кундузги, кечки ёки масофавий таълим шаклини танлаш имконияти мавжуд. Йўналишларни битта ОТМ доирасида ҳам, турли олий таълим муассасалари кесимида ҳам танлаш мумкин.
ОТМ ва таълим йўналишини танлаш учун абитуриент my.uzbmb.uz платформасига кириб, “Олий ва касбий таълим ташкилотларига қабул” бўлими орқали “Хизматдан фойдаланиш” ҳамда “ОТТ танлаш” тугмаларини босиши лозим.
Шундан сўнг танлов устуворлиги белгиланади. Агар мавжуд бўлса, мақсадли қабул бўйича ҳам танлов амалга оширилади. Кейинги босқичда фанлар мажмуасига мос таълим йўналишлари ва таълим шакллари танланиб, маълумотлар сақланади.
Якунда телефон рақамига юборилган SMS-код киритилиб, танлов тасдиқланади. Шундан кейин “Абитуриент қайд варақаси” шаклланади. Агентлик ушбу ҳужжатни юклаб олиб, сақлаб қўйишни тавсия қилган.
Қайд этилишича, абитуриентлар танловга оид маълумотларини 8 августга қадар исталган вақтда таҳрирлаши мумкин. Белгиланган муддат якунлангач эса киритилган маълумотларни ўзгартириш имкони бўлмайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 июль куни давлат олий таълим ва касбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ўтказилган тест синовлари якунига етгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси