ОТМларга кириш имтиҳонлари якунланди. Энди абитуриентлар йўналиш танлайди
Жамият
−
24 июл 4412 2 дақиқа
Кеча, 23 июль куни давлат олий таълим ва касбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ўтказилган тест синовлари якунига етди. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, тест синовларининг сўнгги ўнинчи кунида республика бўйича 45 минг нафардан ортиқ абитуриент иштирок этган. Ушбу кунда тест синови қоидаларини бузган абитуриентлар қайд этилмаган.
Маълумотларга кўра, 10 кун давом этган тест синовларида иштирок этиши белгиланган жами 664 минг 609 нафар абитуриентдан 610 минг нафардан ортиғи қатнашган. Тест синовлари тартиб-қоидаларини бузган 70 нафардан ортиқ абитуриент эса жараёндан четлаштирилган.
Агентликнинг маълум қилишича, тест топширган абитуриентлар бугун, 24 июль куни тест синовларининг 10-куни натижалари эълон қилингач, 25 июлдан 8 августга қадар (шу куни ҳам) иккинчи босқич танловида иштирок этиши мумкин.
Бу босқичда абитуриентлар олий таълим муассасалари, таълим йўналишлари, таълим шакллари ҳамда устуворликларини танлайди. Маълум қилинишича, якуний мандат натижалари иккинчи босқич танлови якунланганидан сўнг бир ҳафта ичида эълон қилинади.
Маълумот учун, жорий ўқув йилида барча фанлардан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган 12 минг 997 нафар абитуриент тест синовларидан озод қилиниб, бевосита олий таълим муассасаларига қабул танловининг кейинги босқичига ўтказилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026-2027 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари 14–23 июль кунлари бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси