Абдулла Арипов қозоғистонлик мавқедоши билан учрашди
Жамият
−
12 Июль
3557Жорий йилнинг 11-12 июль кунлари Олмаота шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 21-йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ҳукумат порталида хабар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов бошчилигида ўтган йиғилишда сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди.
“Бугун дунёда кузатилаётган геосиёсий ва тез ўзгарувчан вазиятни инобатга олган ҳолда, мамлакатларимиз ўртасида барча йўналишларда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб бораётгани алоҳида қайд этилди”, дейилади хабарда.
Шундан келиб чиқиб, мавжуд захиралардан самарали фойдаланган ҳолда, яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш зарурлиги, бунинг учун, учинчи давлатлардан импорт ўрнини босиш ва тўлақонли эркин савдо режимига ўтиш бўйича тизимли ишларни кучайтириш лозимлиги билдирилди.
Шунингдек, саноат кооперацияси, транспорт ва транзит, минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, фан-таълим, маданият ва бошқа йўналишлар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилиш сўнгида, Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 21-йиғилиши баёни имзоланди.
Ўзбекистон делегациясининг Қозоғистонга ташрифи доирасида Олмаота шаҳридаги жамоат транспортини бошқариш маркази ва бошқа объектлар фаолияти билан ҳам танишилди.