9 йиллик суд: Googoosha Швейцариядаги миллионларини қутқармоқчи

Жамият

image
Гулнорани қийнашга ҳеч кимнинг “дух”и етмайди – Ташанов north_east

Гулнорани қийнашга ҳеч кимнинг “дух”и етмайди – Ташанов

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан суд ишлари бошланганидан 9 йил ўтган бўлса ҳам, Швейцария судлари бу ишлар билан шуғулланишда давом этмоқда. Бу ҳақда “Le Temps” нашри хабар бермоқда.  

“2016 йилда вафот этган Ислом Каримовнинг қизи ўз ватанида 13 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. Бу тўсиқлар унинг адвокатларига, ҳатто улар давлат томонидан тайинланган бўлса ҳам, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва Швейцарияда ушлаб турилган юз миллионлаб франкларнинг мусодара қилинишининг олдини олишга тўсқинлик қилмайди”, деб ёзади нашр журналисти Марк Генья. 

Таъкидланишича, жорий йилнинг 7 ва 8 сентябрь кунлари адвокат Фанни Маргайраз 2019 йилнинг июнидан буён биринчи марта аёллар қамоқхонасидаги Гулнора Каримовани кўришга муваффақ бўлган. 

Қайд этилишича, жорий йилнинг июль ойида Федерал жиноят суди 49 ёшли Гулнора Каримованинг қисман Гибралтардаги Takilant компаниясига тегишли бўлган, Швейцарияда сақланаётган 550 миллион франкни мусодара қилиш ҳақидаги эътирозини кўриб чиқди. Таъкидланишича, мусодара қилиш учун апелляция берилган, натижада Гулнора Каримованинг ёрдамчиси судланган, ҳозирда у ҳам ўз мамлакатида қамоқда. 

Шунингдек, июль ойида Швейцария Конфедерацияси Прокуратураси Гулнора Каримованинг шахсий гвардиясининг тўртинчи аъзосига ҳукм чиқарди. Пул ювиш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топилган Шоҳруҳ С. 79 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 

Нашр маълумотларига кўра, у 2012 йил 30 июлда Женевадаги Cornavin меҳмонхонасида дўсти билан бирга ҳибсга олинган. Федерал полиция уларнинг 2 та компьютерини, 11 та мобиль телефонини ва бешта флеш-дискини олиб қўйган. 

“Тергов шуни кўрсатадики, Гулнора Каримова 7 та Швейцария банки ва 8 та сейфдаги 30 та ҳисобни назорат қилади”, дейилган нашрда. 

Маълумотларга кўра, уюшган тўда аъзоларининг мақсади Гулнора Каримованинг ҳашаматли турмуш тарзини сақлаб қолиш бўлган. 

“Шоҳруҳ С. 2010 йилдан 2012 йилгача ярим миллиард франкга яқин бўлган маблағларни назорат қилганини тан олган. Айнан у Гулнора Каримовага 2009 йилда Колоньида 18,2 миллион франкга вилла сотиб олишга рухсат бериш учун Латвия банкидан ипотека кредити олган. Ниҳоят, у сейфларни очди, у ерда, хусусан, печенье қутисида 3,8 миллион доллар пул сабр-тоқат билан ўз вақтини кутиб турарди”, дейилган мақолада. 

Таъкидланишича, бу сейфлардаги пуллар қимматбаҳо заргарлик буюмлари, машиналарни сотиб олишга сарфланган. 

Шунингдек, мақолада Zeromax компаниясининг Каримовага тегишли экани ҳақида тарқалган миш-мишларга тўхталиб ўтилган. 

“Zeromax Гулнора Каримовага тегишли эканига кўпдан бери ишонишган. Аммо, 2020 йилда Гулнора Каримова унинг бенефициари экани исботланмади”, дейилган мақолада. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, Фонд Форум васийлик кенгаши раиси, профессор ва маишатсевар Гулнора Каримованинг “салтанат”и 2013 йилга келиб қулади. 2005 йилдан бошлаб ўзини маданият ва санъат, спорт, илм-фан, ахборот технологиялари ва ёшлар ғоялари раҳнамоси сифатида кўрсатишни бошлаган Гоогооша 2013 йилгача мамлакатда мислсиз қудрат соҳиби бўлгани ҳеч кимга сир эмас. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.

2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.

Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Швейцария Каримова

Баҳолаганлар

2082

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг