Гулнорани қийнашга ҳеч кимнинг “дух”и етмайди – Ташанов
Жамият
−
20 Май 2021
63520Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – собиқ Фонд Форум Васийлик Кенгаши раиси Гулнора Каримова айни вақтда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сонли жазони ижро этиш муассасасида ўзига белгиланган жазо муддатини ўтамоқда. Унинг фарзандлари бир неча бор ижтимоий тармоқлар орқали чиқиш қилиб, онасига нисбатан қийноқлар мавжудлиги, ҳатто, қамоқхона раҳбарияти учрашувга рухсат бермаётганини маълум қилган эди.
Халқ орасида эса Биринчи Президентнинг тўнғич қизига қамоқхонада алоҳида шароитлар яратилгани хусусида гап-сўзлар мавжуд. QALAMPIR.UZ куни кеча Гулнора Каримова сақланаётган қамоқхонада бўлиб қайтган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Aбдураҳмон Ташанов билан суҳбатлашиб, Каримованинг аҳволи ва унга яратилган шароитлар ҳақида қизиқди.
“Мен борган пайтда Гулнора Каримова карантинда экан. Жойларини кўрсатиб, таништиришди. Мен ҳам расмийларга доим гумон билан қарайман. Шунинг учун бошқа маҳбуслар билан ҳам гаплашдим. Бошқа маҳбусларнинг ҳам айтишига қараганда, Гулнора учун алоҳида шароит деган нарса йўқ. Ёки Гулноранинг бошига уриб туриш ҳам йўқ. У алоҳида изоляцияга ҳам олинмаган. Ҳамма маҳбуслар қаторида жазо муддатини ўтаяпти”, дейди Ташанов.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов сўзида давом этаркан, ўтган ой онасини кўриш учун Ўзбекистонга келган, бироқ қамоқхона раҳбариятидан рад жавобини олиб, Лондонга қайтиб кетган Имон Каримованинг онасига нисбатан қийноқлар ҳақидаги фикрига ҳам муносабат билдирди. Имон нега онасининг қамоқхонадаги ҳаётини дўзахга тенглаштирганини изоҳлади.
“Имон Каримова онаси ҳақида қийноққа солинаётгани, у ер дўзахлиги ҳақида шеър ёзибди. Шундан кейин кўплаб халқаро оммавий ахборот воситалари мен билан боғланди. Мен уларга билганимни айтдим: Гулнора Каримованинг озодликдаги ҳаёти олдида у дўзах бўлиши мумкин, албатта. Мен буни рад этмайман. Қамоқхона қанча шароит яратсангиз ҳам барибир қамоқхона. Унга нисбатан алоҳида муносабат мавжуд эмас. Кўча тилида айтадиган бўлсам, уни қийнашга ҳеч кимнинг “дух”и етмайди. Ёки у учун ҳеч ким алоҳида шароит яратиб, алоҳида қозон қайнатиб бераётгани йўқ. Қозон кабоб, ош ҳам қилиб бераётгани йўқ.
Мен Гулноранинг қизи ва ўғлини тўғри тушунаман. Шоҳона ҳаётга ўрганган одамларга онасининг бундай ҳолати оғир кўринади, албатта. Лекин масалага объектив қарайдиган бўлсак, Гулнора Каримовага нисбатан ҳеч қандай қийноқлар йўқ”, дейди Ташанов.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.
2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.
Хусусан, суд ҳукмига кўра, Н.Содиковга 20 йил, О.Свиридовга 17 йил 3 ой, А.Эргашевга 18 йил 1 ой, Ш.Сабировга 17 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Г.Авакьянга 3 йил синов муддати билан 5 йил 3 ой 21 кун шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ж.Абдурахманов ва Б.Тешабаев эса жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиндилар.