60 млрд сўмлик қурилишни “каттаконлар” орқали олиб беришни ваъда қилганлар ушланди
Жамият
−
19:52 370 1 дақиқа
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида тадбиркорга Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги 4 та давлат мактабгача таълим ташкилотида 60 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция ишларини олиб беришни ваъда қилган уч киши 20 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Зангиота тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган.
Унда уч нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, “S. C.” МЧЖ раҳбари М.Н. га юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали ИИВга қарашли 4 та давлат мактабгача таълим ташкилотида 60 миллиард сўмлик реконструкция ва қурилиш ишларини олиб беришларини айтган. Бунинг эвазига улар тадбиркордан 100 минг АҚШ доллари талаб қилган. Шундан 20 минг долларини фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида туман кадастр бўлими мутахассиси фуқаронинг 31 сотих нотурар ер майдонини тураржой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 5 минг доллар олган вақтида ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси