Экополиция “Бўзсув” оқова сув тозалаш иншоотида экологик қоидабузарликларни аниқлади

3-саҳифа

−

visibility108 timer2 дақиқа

image

Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган “Бўзсув” оқова сув тозалаш иншоотида ўтказилган экологик назорат текширувида атроф-муҳитга жиддий зарар етказиши мумкин бўлган бир қатор қонунбузилишлар аниқланди.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотига кўра, иншоотда оқова сувларни тозалаш самарадорлиги белгиланган 70 фоиз ўрнига 47,6–51,5 фоизгача пасайган. 2026 йил 11 ва 13 ноябрь кунлари олинган лаборатория таҳлилларида 13 турдаги ифлослантирувчи модданинг 9 таси меъёрдан бир неча баравар юқори экани қайд этилган.

Экополиция ходимлари текшируви давомида саноат корхоналарининг таркибида оғир кимёвий бўёқлар ва заҳарли моддалар мавжуд оқова сувлари маҳаллий тозалаш иншоотларисиз қабул қилингани маълум бўлди. Шунингдек, иншоот раҳбариятининг бундай корхоналарни тармоқдан узиш ва экологик органларни хабардор қилиш бўйича талабларни бажармагани аниқланган. Бунинг оқибатида “Бўзсув” каналига етарлича тозаланмаган оқова сувлар ташланган.

Назорат тадбирларида ҳисоботлардаги жиддий тафовутлар ҳам фош этилган. Жумладан, оқова сувлар йиллик ҳажми 2023 йилга нисбатан 131,3 млн куб метрга, яъни 54 фоизга камайтириб кўрсатилган. Шунингдек, оқова сувлар таркибидаги 15 турдаги ифлослантирувчи модданинг 9 таси йиллар давомида ҳисоботларда акс эттирилмаган. Иншоотда йилига ҳосил бўладиган 23 541 тонна чиқинди, асосан хавфли чўкиндилар, белгиланган тартибда утилизация қилинмасдан очиқ майдонларга ташлаб келинган.

Экополиция ходимларининг таъкидлашича, текширув жараёнида иншоот раҳбарияти давлат назоратига тўсқинлик қилган. Хусусан, 17 ноябрь куни оқова сувлар ҳажмини ўлчашга рухсат берилмаган. Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан жамиятга қўшимча компенсация тўловлари ҳисобланган ва молиявий санкциялар қўлланилган. Камчиликларни бартараф этиш бўйича 15 банддан иборат мажбурий кўрсатма берилган.

Белгиланган талаблар ўз вақтида бажарилмаса, иншоот фаолиятини тўхтатиш бўйича иқтисодий судга даъво киритилиши мумкин. Шунингдек, Тошкент шаҳар Экология бош бошқармасининг масъул ходимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилиб, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг