400 минг украиналик Россияга мажбуран олиб кетилди – Омбудсман
Олам
−
31 Март 2022
8828Жорий йилнинг 24 февралидан бери 400 мингга яқин украиналик Россияга мажбуран олиб кетилган. Бу ҳақда Украина Омбудсмани Людмила Денисова “Euronews” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Фуқароларимизни ҳудудимиздан ўз ҳудудига депортация қилишди. Улар ўз хоҳишлари билан чиқмади, биринчи навбатда Донецк вилоятидаги филтрлаш лагерига мажбуран олиб кетилди. Шундан сўнг, уларни автобусда Россияга жўнатишди. Кейин эса улар поездда турли жойларга, хусусан, Россия Федерациясининг Сахалин каби ҳудудларига олиб борилди”, дейди у.
Денисовага кўра, уруш бошланганининг дастлабки бир ойида бирорта ҳам фойдали гуманитар коридор яратилмаган. 400 мингдан ортиқ украиналиклар аллақачон Россияга мажбуран кўчирилган.
“Мариуполдаги вазият мураккаб ва ўзгармайди. Биноларнинг аксарияти бомба ва ўқлардан вайрон бўлган. 20 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди”, дейди Денисова.
Омбудсман Россияни Украина ҳарбийларининг кийим-кечакларини ўғирлашда ва улардан жиноят содир этишда фойдаланишда айблади, шунингдек, Мариуполда содир бўлаётган воқеаларни геноцид деб таъкидлади.
Аввалроқ, Россия Украинанинг қарийб 1,4 минг аҳолисига 10 минг рубль миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилгани ҳақида айтилган эди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси