4 йиллик танаффусдан сўнг Трамп Оқ уйга қайтади
Таҳлил
−
06 Ноябрь
4995АҚШда президентлик сайлови 5 ноябрь куни Нью-Гэмпшир штатининг Диксвилл-Нотч қишлоғида бошланди. Қишлоқ аҳолиси 5 ноябрга ўтар кечаси тунда, маҳаллий вақт билан соат 12:00 дан кейин ўз танловларини амалга ошира бошлади. Қишлоқнинг олти нафар аҳолиси биринчилардан бўлиб овоз берган ҳолда йилнинг энг муҳим сиёсий жараёнини бошлаб берди.
Аслида АҚШда президентлик сайловида овоз бериш бир неча кун олдин бошланганди. 333 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилувчи Қўшма Штатларда бу йилги сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сони 168 миллионни ташкил қилди. Расмий сайлов кунига қадар эса шулар ичидан 78 миллиондан ортиғи аллақачон овоз бериб бўлгани қайд этилди. Бу эса расмий сайлов кунига қадар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 45 фоиз америкалик бу имкониятдан фойдаланиб бўлганини англатарди.
Сайлов участкалари бирин-кетин очилгач, асосий жараён старт олди. Бу сайлов доирасида президентдан ташқари Сенатнинг учдан бир қисми, Вакиллар палатасининг барча аъзолари ҳам сайланиши лозим эди. Америкаликлар дунё сиёсатининг кейинги 4 йили тақдирига анча-мунча таъсир қилувчи қарорларини амалга ошира бошлади. АҚШ штатларининг кўпчилиги анъанавий тарзда у ёки бу партияни қўллаб-қувватлаши сайловлардан олдин маълум бўлади. Масалан, республикачи Дональд Трампнинг Индиана, Кентукки, Ғарбий Виржиния, Оклахома, Флорида, Теннесси, Жанубий Каролина, Миссисипи, Алабама ва Арканзасда, Камола Ҳаррис эса Коннектикут, Массачусетс, Вермонт, Мериленд, Род-Айленд ва Делавэр штатларида етакчилик қилиши тахмин қилинганди. Якунда шундай ҳам бўлди.
Бироқ АҚШдаги сайловларда "иккиланувчи" штатлар ҳам бор бўлиб, улар доимий тарзда ҳеч бир партияни қўллаб-қувватламайди. Бир сайловда республикачилар учун овоз берса, бошқа сафар демократларни қўллаши одатий ҳол. 2024 йилги президентлик пойгасида еттита шундай штат бор бўлиб, булар, Аризона, Невада, Висконсин, Жоржия, Шимолий Каролина, Пенсильвания ва Мичиган каби штатлар эди. У ердаги сайловчиларнинг овозлари бутун президентлик пойгаси натижаларига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиши кутилганди. Шунинг учун номзодлар Ҳаррис ва Трамп ўз сайловолди кампанияси учун йиғилган сармоянинг каттагина қисмини айнан шу штатларга йўналтирди.
Шундай қилиб, АҚШдаги сайловларга овоз бериш ва уларни ҳисоблаш жараёни авж паллага чиққач, аста-секин турли нашрлар натижаларни бирин-кетин эълон қила бошлади. Ўзи қўллаб-қувватловчи партияга овоз бериши нақд бўлган штатлар ўз йўлига, аммо деярли барчанинг нигоҳлари ўша "иккиланувчи" ёки "тебранувчи" деб аталадиган штатларда бўлди.
Дастлаб, "Assaciated Press" нашри АҚШдаги президентлик сайловларида Трамп Жоржия ва Шимолий Каролинада, Ҳаррис эса Мичиган ва Пенсильванияда етакчилик қилаётгани ҳақида хабар берди. Жоржия ва Шимоли Каролинада Тошкент вақти билан соат 7:00 ҳолатига кўра, Дональд Трампга 55 ва 54 фоиз билан Ҳаррисни енгаётган бўлса, Пенсильваниядаги сайловчиларнинг 67 фоиздан кўпроғи, Мичиганда эса деярли 55 фоизи Ҳаррисни қўллаб-қувватлаш орқали унинг яққол устунлигини таъминлаётган эди. Аммо бу вақтда умумий устунлик Трамп қўлида бўлиб, у йирик 230 га 187 ҳисобида олдинда эди. Аммо орадан 3 соат ўтиб, Тошкент вақти билан соат 10:15 да Ҳаррис Трамп билан ўртадаги фарқни кескин қисқартирди. Шу вақтгача ҳисоблаб чиқилган жами овозларнинг 47,6 фоизи Ҳаррис томонга тош босган бўлса, Дональд Трамп эса 51,1% овозга эгалик қилди. Овоз беришда иккиланаётган 7 та штатнинг бири – Шимолий Каролина Трампга овоз бергани аниқ бўлди, аммо қолган олтита штат ҳали бир қарорга келмаганди. Умумий ҳисоб эса 200 га 230 – Трамп фойдасига қолаётганди. Орадан бироз ўтиб, Нью-Мексика ва Гавайи ҳам демократларга овоз бергач, фарқ янада қисқариб, 210 га 230 ни ташкил қилди. Кўп ўтмай, ўша муҳим "иккиланувчи" штатлар ўз сўзини айта бошлади. Жоржия республикачиларга оғишди ва Трамп ҳисобини 246 тага етказиб қўйди. Бу шу пайти барча масалага деярли нуқта қўйди. Эндиликда Трампнинг ғалабаси учун бор йўғи 24 та овоз зарур бўлиб, у бу пайтда "иккиланувчи" штатларда ҳам устунлик қилаётганди. Бироз ўтиб, кутилганидек Трамп ғалабани ўзида сақлаб қолди. Ҳаррис 213 та овозга эга чиққан маҳал, республикачи номзод талаб қилинган 270 та сайлов коллегиясини ўзиники қилиб улгурганди. Бу эса 538 та сайлов коллегияси бор бўлган Қўшма Штатларда Президент бўлиш учун етарли бўлган овоз эди.
Трамп ғалабани нишонлаб бўлди
Баъзи расмиятчиликлардан ташқари сайловдаги асосий масала ҳал қилингач, Дональд Трамп ўз ғалабасини эълон қилди.
“Америка халқига сизнинг 47-президентингиз ва 45-президентингиз этиб сайланиш шарафи учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Мен ҳар куни сиз, оилангиз ва келажагингиз учун курашаман. Мен ҳар нафасим билан сиз учун курашаман. Фарзандларимизга муносиб бўлган ва сизларга муносиб бўлган кучли, хавфсиз ва фаровон Американи етказиб бермагунимизча тинчланмайман. Бу ҳақиқатан ҳам Американинг олтин даври бўлади”, деди у Флоридадаги тарафдорларига.
У Америка халқи республикачилар партиясига мисли кўрилмаган ва қудратли мандат берганини қўшимча қилган ҳолда, ўз партияси Сенат устидан назоратни қўлга киритганини ҳам нишонлади. Дарвоқе, Республикачилар 100 ўринли АҚШ Сенатида назорат учун зарур бўлган 51 ўринни ҳам нақд қилди. Вакиллар палатасидаги устунлик ҳам ҳатто республикачилар томонида бўлмоқда. Республикачилар устунлик учун зарур бўлган 218 та овозга демократлардан кўра анча яқин ва яқин соатларда бу ерни ҳам ўзлариники қилишга жуда яқин. Бу натижалар эса республикачилар томонидан демократларнинг тўлиқ, буткул тор-мор этилганини кўрсатади.
Шундай қилиб, Трамп ўз ғалабасини эълон қилиб, уни нишонлаган заҳоти дунё етакчилари ҳам зудлик билан бирин-кетин унинг манзилига табриклар йўллай бошлади. Биринчилардан бўлиб, НАТО Бош котиби Марк Рютте, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, Франция Президенти Эммануэль Макрон, Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Украина Президенти Владимир Зеленский Дональд Трампни АҚШдаги сайловлардаги ғалабаси билан табриклади ва у билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
"Мен ҳозиргина Дональд Трампни Қўшма Штатлар президенти этиб сайлангани билан табрикладим. Унинг етакчилиги яна иттифоқимизни мустаҳкам сақлашда калит бўлади. НАТО орқали куч орқали тинчликни ривожлантириш учун у билан яна ҳамкорлик қилишни интиқлик билан кутаман", деди Рютте.
"Тарихдаги энг буюк камбек билан табриклайман. Бу жуда катта ғалаба. Сизнинг Оқ уйга тарихий қайтишингиз Америка учун янги саҳифани очади ва Исроил ва Америка ўртасидаги буюк иттифоқнинг кучли янгиланишини англатади”, деди Нетаньяху.
"Табриклайман, Президент Дональд Трамп. Олдин тўрт йил давомида қилганимиздек, биргаликда ишлашга тайёрмиз", деб ёзди Макрон.
“Дональд Трампни сайловдаги таъсирчан ғалабаси билан табриклайман, сентябрь ойида биз Украина ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни батафсил муҳокама қилган ҳолда президент Трамп билан бўлган ажойиб учрашувимизни эслайман”, деди Зеленский.
“Дональд Трампни чин юракдан табриклайман. Европа Иттифоқи ва АҚШ шунчаки иттифоқчи эмас. Бизни 800 миллион фуқарони бирлаштирган халқларимиз ўртасидаги ҳақиқий шериклик боғлаб туради. Шундай экан келинг, уларга фойда келтиришда давом этадиган кучли трансатлантик кун тартиби устида бирга ишлайлик”, Урсула фон дер Ляйен.
Шунингдек, Британия Бош вазири ҳам Трамнпни табриклаб, уни бу сафарги ғалабасини тарихий деб атади.
“Сайланган президент Трампни сайловдаги тарихий ғалабаси билан табриклайман. Келгуси йилларда сиз билан ҳамкорлик қилишни орзиқиб кутаман. Энг яқин иттифоқчиларимиз сифатида биз эркинлик, демократия ва тадбиркорлик каби умумий қадриятларимизни ҳимоя қилишда елкама-елка турибмиз. Биламан, Буюк Британия ва АҚШ ўртасидаги ўзига хос муносабатлар – иқтисодий ўсишдан тортиб, хавфсизлик, инновациялар ва технологияларгача – келгуси йилларда Атлантика океанининг ҳар икки томонида гуллаб-яшнашда давом этади”, дейди Британия ҳукумати раҳбари баёнотида.
Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Трампни АҚШ президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклаб, Анқара ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланишига умид билдирди. Туркия Президенти Трампнинг Украина ва Ғазо бўйича келишувга эришиш ҳаракатларида ёрдам беришига умид билдирди.
Германия канцлери Олаф Шольц ҳам Трампни АҚШ президенти этиб сайлангани билан табриклади ва Берлин ва Вашингтон ҳар икки давлат фуқаролари манфаати учун ҳамкорликни давом эттиришини айтди.
“Дональд Трампни АҚШ президенти этиб сайлангани билан табриклайман. Германия ва Қўшма Штатлар Атлантика океанининг ҳар икки томонида фаровонлик ва эркинликни таъминлаш учун узоқ йиллик муваффақиятли ҳамкорлик тарихига эга. Фуқароларимиз манфаати йўлида бу ишни давом эттирамиз”, деб ёзди Шольц.
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан эса Трампни айни дамда Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўтказилаётган ТДТ саммитида АҚШ президентлигига сайловдаги ғалабаси билан табриклаб, бу бутун дунё учун зарурлигини таъкидлади.
“Улар Трампга қамоқ билан таҳдид қилишди, мол-мулкини тортиб олишди, ўлдирмоқчи бўлишди, Америкадаги барча оммавий ахборот воситаларини унга қарши қўйишди, лекин барибир у ғалаба қозонди”, деб таъкидлади Орбан Бишкекдаги Туркий давлатлар ташкилоти саммитида.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бугун, 6 ноябрь куни Дональд Трампга Америка Қўшма Штатлари Президенти сайловида ғалаба қозониб, ушбу лавозимга сайлангани муносабати билан табрик йўллади.
"Сизни Америка Қўшма Штатлари Президенти лавозимига сайланганингиз муносабати билан чин дилдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг қизғин табрикларимни ва энг эзгу тилакларимни йўллашдан беҳад мамнунман. Сайловлардаги ишончли ғалабангиз Сиздек бой тажрибали ва моҳир сиёсатчининг АҚШнинг халқаро майдондаги нуфузи ва иқтисодий қудратини ошириш, глобал тараққиёт ва фаровонликни таъминлашга қаратилган дастур ва режаларингиз Америка халқи томонидан фаол қўллаб-қувватланганини яна бир бор яққол тасдиқлади", дейди Мирзиёев.
Аммо Россия Президенти Владимир Путин Трамп билан алоқалари яхши эканлиги доимий тарзда айтиб келинса-да, Кремль етакчиси республикачини президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклашни режалаштирмаётган кўринади. Унинг матбуот котиби Дмитрий Песков буни айни пайтда АҚШ Россия ва Украина урушида унга қарши бевосита иштирок этаётгани билан изоҳлади.
“Президентнинг Трампни сайлов билан табриклаш режаларидан хабардор эмасман. Шуни унутмайликки, гап давлатимизга қарши урушда бевосита ва билвосита иштирок этаётган давлат ҳақида кетяпти”, деди Кремль вакили Дмитрий Песков.
Шундай қилиб, Трампнинг Оқ уйга қайтиши шунчаки вақт масаласи холос. Январь ойигача баъзи расмиятчиликлар адо этилгач, у кейинги 4 йиллик учун дунё яловбардори устидаги бошқарувда бўлади.
LiveБарчаси