23 мамлакат Европа судига Россияга қарши даъво киритди

Олам

image

23 давлат Украинанинг Россияга қарши даъвосини кўриб чиқишда учинчи шахс сифатида қабул қилиш учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига ариза топширди. Бу ҳақда бугун, 23 сентябрь куни Страсбург суди маълум қилди. Украина ҳукумати Россияни ҳарбий тажовуз муносабати билан инсон ҳуқуқларини оммавий ва қўпол равишда бузганликда айбламоқда. 

Суд жараёнида иштирок этишга тайёр 23 ҳукумат орасида Болгария, Греция, Мальта, Венгрия ва Кипрдан ташқари барча Европа Иттифоқи давлатлари бор. 

Рўйхатда Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлардан Норвегия бор.

Бундан ташқари, Женева Халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари академияси ноҳукумат ташкилот сифатида аккредитациядан ўтишга интилмоқда. Суд маълумотларига кўра, Исландия ва Буюк Британия ариза беришни кўриб чиқмоқда. Иштирокчи давлатлар ёки ариза берувчи бўлмаган ва жараёнда учинчи шахс сифатида иштирок этишга рухсат берилганлар ёзма мулоҳазалар тақдим этишлари мумкин. 

Гарчи 16 сентябрдан бошлаб Россия Европа Кенгашидан чиқарилганлиги сабабли Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси (ИҲЕК)нинг аъзоси бўлмаса ҳам, ИҲЕК Россия томонидан ушбу санагача содир этилган жиноятларни кўриб чиқиши мумкин. 

Украина 23 июнь куни Страсбургда судга мурожаат қилди. Даъво Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатлар жараёнида Россия Федерацияси томонидан содир этилган инсон ҳуқуқларининг оммавий ва жиддий бузилишига тегишли. Киев ҳукумати минглаб тинч аҳолини ўлдириш, яралаш, ҳибсга олиш ёки бедарак йўқотиш, юз минглаб мулкни вайрон қилиш ва миллионлаб одамларни уйларини ташлаб кетишга мажбур қилишда рус қўшинлари ва Россия назоратидаги бошқа қуролли кучларни айблайди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин Европа суди

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг