16 январдан барча ОТМларда анъанавий таълим бошланадими? Вазирлик изоҳ берди
Жамият
−
12 Декабрь 2020
21662Бугун, 12 декабрь куни ижтимоий тармоқларда 2021 йил 16 январдан барча олий таълим муассасаларида таълим жараёнлари анъанавий шаклга қайтиши ҳақида хабарлар тарқалди. Бу гаплар рост ё ёлғонлиги юзасидан таҳририятимизга кўплаб мурожаатлар бўлди. Шуларни инобатга олган ҳолда биз Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Матбуот котиби Фарҳод Бабашев билан боғландик.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакили мазкур хабарларга муносабат билдириб, улар ҳақиқатдан йироқ эканини маълум қилди. Унга кўра, олий таълим муассасаларида таълимни тўлиқ анъанавий шаклда давом эттириш режалаштирилмаган.
“16 январдан анъанавий шаклда ўқиш бошланади, деган хабарлар ҳақиқатга зиддир. Бу масалада вазирлик раҳбарияти муҳокамалар ёки режаларни кўраётгани йўқ. Ҳозирги пайтда 16 декабрдан ОТМлар ўз имкониятидан келиб чиқиб, курслар кесимида таълим шаклларига қараб, ўқув жараёнини ташкил қилган ва шу шаклда ўқув жараёни давом этаверади”, дейди вазирлик Матбуот котиби Фарҳод Бабашев QALAMPIR.UZ`га вазият бўйича изоҳ бериб.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жорий йилнинг 15 март куни коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилгач, барча таълим муассасалари, жумладан институт ва университетлар фаолияти ҳам масофавийга ўтказилди. Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 12 ноябрда ўтказилган йиғилиши баёнига кўра, мамлакатдаги олий таълим муассасаларининг 16 ноябрдан бошлаб анъанавий таълимга қайтишига рухсат берилди. Бунда барча олий таълим муассасаларида жорий йилнинг 16 ноябридан олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ва режа-график асосида ўқув жараёнини анъанавий шаклда давом эттириш белгиланди.
Аввалроқ, умумий ўрта таълим мактабларида қишки таътил одатдагидан эртароқ бошланиши ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси