“Толибон” ҳужумидан чекинган 1000 дан ортиқ Афғонистон аскари Тожикистонга қочиб ўтди

Олам 6679
image

Бугун, 5 июль куни мингдан ортиқ Афғонистон ҳарбийлари “Толибон” жангариларининг ҳужуми сабаб қўшни Тожикистонга қочиб ўтди. Бу ҳақда "Интерфакс" Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб, маълум қилди.

Душанба куни кечаси Афғонистоннинг Тожикистон билан 911 километрлик чегарага эга Бадахшон вилоятидаги Хохон, Шикай, Нусай, Моҳимаи, Шугнон ва Султон Ишкашим туманларини назоратига олган.

Толиблар билан жанглар вақтида афғон аскарлари Шоҳин туманининг Шоҳон чегара участкаси, Дарваз туманининг Рузвай ва Нулванд чегара пунктлари, Ванж туманидаги Хумроги чегара участкаси Тем туманидаги Хорог шаҳри ҳамда Ишкашим туманидаги Ишаҳкашим ва Лангар чегара участкалари орқали Тожикистон ҳудудига ўтган.

“Яхши қўшничилик принципларини ҳисобга олиб, шунингдек Афғонистон ички ишларига аралашмаслик позициясига риоя қилгн ҳолда ҳукумат кучларининг ҳарбий хизматчиларига Тожикистон ҳудудига киришга рухса берилди”, дейилади хабарда.

Айни вақтда юқорида келтирилган чегара участкалари Тожикистон чегарачилари назоратида бўлиб турибди.

Маълумот ўрнида, кеча, 4 июль куни 94 нафар афғон ҳарбийси “Толибон” ҳужумидан қочиб Тожикистонга ўтганди. 3 июль куни эса 300 дан ортиқ афғон толиблар билан курашда чекиниб, қўшни давлат ҳудудига ўтиб кетганди.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда фаол ҳарбий ҳаракатларни бошлаган "Толибон" мамлакатда ҳарбий контингенти қолаётган хорижий давлатлардан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишни талаб қилди.

Фаоллашган "Толибон"

Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 1 май куни АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Америка ва НАТО кучларини Афғонистондан кетишни бошлаганидан бери 50 дан ортиқ туманни ўз назорати остига олган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. 

Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 169
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×