“Толибон” Афғонистонда ҳарбийлари қолаётган давлатларга талаб қўйди
Олам
−
05 Июль 2021
42099Афғонистоннинг “Толибон” ҳаракати вакили Суҳайл Шоҳин BBC News’га барча чет эл қўшинлари белгиланган муддатгача Афғонистонни тарк этиши кераклигини айтди.
“Бошқа мамлакатлардан қолган контингентлар босқинчи сифатида қабул қилинади”, дея қўшимча қилган Шоҳин.
Таъкидланишича, унинг баёноти Афғонистонда аксарияти америкаликлар бўлган 1000 га яқин хориж ҳарбийлари қолиши мумкинлиги ҳақидаги маълумот фонида эълон қилинган. Шоҳиннинг таъкидлашича, дипломатлар, нодавлат ташкилотлар ва бошқа давлатларнинг фуқаролари “Толибон”нинг нишонига айланмайди ва улар ҳеч қандай ҳимояга муҳтож бўлмайди.
“Биз уларга ҳеч қандай таҳдид солмаймиз”, деган у Афғонистон уларнинг фаолиятига муҳтожлигини таъкидлаб.
“The Telegraph” нашрининг хабарига кўра, Англия Афғонистонда кичик ҳарбий контингентини сақлаб қолиш ниятида. Қайд этилишича, бу бўйича ҳали ҳам якуний қарор қабул қилинмаган. Қарорни бугун, 5 июль куни Миллий хавфсизлик кенгашининг йиғилишидан сўнг Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон қабул қилиши кутилмоқда.
Таъкидланишича, Британия ўз ҳарбийларини қолдирган тақдирда уларнинг вазифаси афғонистонлик ҳамкасбларини ўқитиш ва афғон армияси сафларида маслаҳатчи сифатида хизмат қилишдан иборат бўлади.
ОАВ маълумотларига кўра, толиблар айни пайтда мамлакатнинг 370 та туманидан 110 тасини назорат қилмоқда.
Таъкидланишича, барча йирик шаҳар ва қишлоқлар Афғонистон ҳукумати назорати остида қолса-да, аммо “Толибон” ҳаракатининг тезлиги Вашингтон ва унинг НАТОдаги иттифоқчиларини хавотирга солмоқда. Таҳлилчилар ҳукумат 6 ойдан 12 ойгача вақт давомида қулаши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Аввалроқ, “Толибон” ҳаракати сўнгги 24 соат ичида Афғонистоннинг 13 та ҳудудини ўз назорати остига олгани ҳақида хабар бергандик.
Эслатиб ўтамиз, 3 июль куни тунда Афғонистон қуролли кучларининг 300 дан ортиқ аскари Тоғли Бадахшон орқали Тожикистон ҳудудига қочиб ўтганди.
Фаоллашган "Толибон"
Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.
Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди.
Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.
LiveБарчаси