Тожикистонга 300 дан ортиқ афғон аскари қочиб ўтди. Қўшни давлат уларни дўст сифатида қабул қилди
Олам
−
04 Июль 2021
10195Кеча, 3 июль куни тунда Афғонистон қуролли кучларининг 300 дан ортиқ аскари Тоғли Бадахшон орқали Тожикистон ҳудудига қочиб ўтди. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари Матбуот маркази хабар берди.
Марказнинг хабар беришича, афғон ҳарбийларининг кўчирилиши Афғонистоннинг Бадахшоннинг бир қатор ҳудудларида “Толибон” вакилларининг ҳужуми оқибатида юз берган. Кеча, 3 июль куни соат 18: 30 да Шаҳрибузург тумани, Хохон тумани Овез қишлоғи ва Роғистон тумани Зираки қишлоғида вазият янада мураккаблашди. Ушбу ҳудудлар толиблар томонидан тўлиқ эгаллаб олинган. Тўқнашувлар пайтида “Толибон” Хохон округидаги Овез чегара комендатурасини ҳам эгаллаб олган.
“Тожикистон Республикаси чегарачилари инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларини инобатга олиб, чекинаётган афғон ҳарбий хизматчиларига Тожикистон Республикаси ҳудудига киришга рухсат берди. Тожикистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ўртасидаги чегарадаги вазият Тожикистон Республикаси чегарачиларининг тўлиқ назорати остида”, дейилади хабарда.
Фаоллашган "Толибон"
Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.
Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган.
Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.
LiveБарчаси