10 ёшли қизини сотмоқчи бўлган она қамалди
3-саҳифа
−
25 Июль
5743Тошкент вилоятида фарзандини 2 минг долларга сотмоқчи бўлган она 8 йилга қамалди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат 2024 йил 29 март куни Қибрай туманида содир бўлган. 1989 йилда туғилган З.А.нинг 13 ёшли ўғли ва 10 ёшли қизи бўлган. Турмушидан ажралган аёл ижара асосида Чирчиқ шаҳрида яшаб келган. Ўтказилган тезкор тадбирда аёл уйида 2014 йилда туғилган қиз фарзандини 2 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 500 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Аёл суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдириб, бу ишга фарзандларини боқишга қийналгани сабабли қўл урганини айтган.
“Ўғлим ногирон, оилада ёлғиз боқувчиман. Фарзандларимни интернет тармоғида ва Тошкент шаҳридаги Чорсу бозорида кийим-кечак сотиш орқали боқиб келганман. Ўзим қандли диабет касаллигига чалинганман. Шунингдек, буйрагимнинг ҳам бир қисми ишламайди. Шу сабабли, оғир меҳнат билан шуғуллана олмайман. Фарзандларимни боқишга қийналганим туфайли қизимни фарзандга муҳтож, ўзига тўқ оилага беришни режалаштиргандим. Уни сотиш мақсадим бўлмаган”, дейди она.
Жиноят ишлари бўйича Қибрай туман суди аёлни Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топиб, унга нисбатан 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Сирдарё, Сурхондарё, Наманган вилояти ва Тошкент шаҳрида боласини пулламоқчи бўлган оналар ушланганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь