Россияда жазо ўтаётган ўзбекистонлик аёлларнинг фарзандлари мамлакатга қайтарилди (видео)

Жамият

image

Россиянинг Мордовия мухтор Республикаси ва Самара вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган Ўзбекистон фуқароси бўлган аёлларнинг вояга етмаган фарзандлари мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Омонулла Файзиев хабар қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан узоқ вақт давомида олиб борилган мақсадли музокаралар натижасида Россиянинг Волгабўйи федерал округи ҳудудидаги Мордовия мухтор Республикаси ва Самара вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган Ўзбекистон фуқароси бўлган аёлларнинг вояга етмаган фарзандларини Ватанга қайтариш жараёни муваффақиятли якунланган.

Билдирилишича, Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари томонидан амалга оширилган консуллик-ҳуқуқий тадбирлар доирасида вояга етмаган болаларнинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги, мамлакатида қариндошлари мавжудлиги ва уларни қайтариш учун зарур бўлган бошқа масалалар ўрганиб чиқилган. Шунингдек, Россиянинг ваколатли идораларига тегишли ҳужжатлар тақдим этилиб, зарур тартиб-таомиллар амалга оширилган.

Натижада Мордовиядаги жазони ижро этиш муассасаси ҳудудида жойлашган болалар уйидан вояга етмаган болалар Бош консулхона дипломатлари ҳамда Ўзбекистондан сафарбар этилган Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамроҳлигида эсон-омон қабул қилиб олинган ва мамлакатга қайтариш жараёни таъминланган.

“Бош консулхона томонидан Россия Федерациясидаги жазони ижро этиш муассасалари ҳудудида жойлашган болалар уйларида бўлган Ўзбекистон фуқароларининг вояга етмаган фарзандларини репатриация қилиш бўйича тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида ёш фуқароларимиз босқичма-босқич ватанга қайтарилмоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Татаристондаги дронлар ҳужуми оқибатида жабрланган сўнгги Ўзбекистон фуқароси ватанга олиб келинган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг