1 январдан қонунчиликда бизни нималар кутмоқда? “ГАИ”, бекор қилинаётган маълумотномалар, хусусий нотариус ва бошқалар
Таҳлил
−
19 Декабрь 2019
19098Ўтган вақт мобайнида турли соҳада бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Фуқароларга ҳуқуқий кўмак бериш мақсадида QALAMPIR.UZ сайти келаётган ҳар бир янги ойдан аввал кучга кираётган ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилиб боришни мақсад қилган. Ҳозирча 1 январдан кучга кирадиган айрим ўзгаришлар хусусида гаплашамиз.
Мобил видеокамераси йўқ ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этманг!
“Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги НИЗОМга кўра, йўл-патруль хизмати ходимлари янги йилнинг 1 январидан хизмат вазифаларини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб боришга мажбур бўлади.
Унга кўра, янги йилнинг биринчи кунидан боди-камераси йўқ ЙПХ ходимига ҳайдовчи ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга. Бу норма аслида 2019 йилнинг 1 июлидан кучга кириши керак эди. Лекин унинг ижроси янги йилгача кечиктирилганди.
Электрон меҳнат дафтарчаси жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 31 октябрдаги ПҚ-4502 сон қарори қабул қилинганди. Ҳужжатга кўра, 1 январдан бошлаб электрон меҳнат дафтари жорий этилади.
Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Ш.Д.Қудбиев зиммасига юклатилган.
Халқ депутатлари Кенгашининг ваколати биттага ортади
“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги фармонига кўра:
• Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда қишлоқ хўжалигида мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш;
• жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фуқаролардан 28 турдаги маълумотнома сўралиши бекор қилинади
2019 йил 9 декабрда Президентнинг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.
2020 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фуқаролардан талаб қилиниши, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилишига йўл қўйилмайдиган ҳужжатлар рўйхати шакллантирилди:
1. Яшаш жойидан маълумотнома;
2. Ариза берувчи яшаш жойи бўйича яшаётганлиги (рўйхатдан ўтказилганлиги) тўғрисидаги маълумотнома;
3. Доимий ва вақтинчалик рўйхатдан ўтиб яшовчилар сони тўғрисида маълумотнома;
4. Доимий яшаш жойида яшаётган муддати кўрсатилган маълумотнома;
5. Яшовчи шахслар сонини тасдиқлайдиган маълумотнома;
6. Турар жойда яшовчи шахслар кўрсатилган ҳолда маълумотнома;
7. Ариза берувчи яшаш жойи бўйича бир ўзи яшаши (рўйхатдан ўтказилганлиги) тўғрисида маълумотнома;
8. Фуқаронинг ёлғиз яшаётганлигини тасдиқловчи маълумотнома;
9. Оила аъзоларининг пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турганлиги ҳолатини тасдиқловчи маълумотнома;
10. 80 ёшга тўлган, ўзганинг парваришига муҳтож бўлган кекса ёшдаги одамни парвариш қилган вақтни тасдиқловчи маълумотнома;
11. Қарамоғида меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари борлигини тасдиқловчи маълумотнома;
12. Вафот этган боқувчининг қарамоғидаги оила аъзолари таркиби тўғрисидаги маълумотнома;
13. Вафот этган ходим билан қариндошлик даражасини тасдиқловчи маълумотнома;
14. Шахсий ёрдамчи хўжаликларида ишловчи фуқароларнинг бандлигини тасдиқловчи маълумотнома;
15. Шахс ҳақиқатан ногиронни парвариш қилаётганлигини тасдиқловчи маълумотнома;
16. Ишсизлик тўғрисидаги маълумотнома;
17. Вафот этган боқувчининг ота-оналари, турмуш ўртоғи, буваси, бувиси, ака-укаси ёки опа-синглисидан бири вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар парвариш қилиш билан банд бўлганлигини ва ишламаганлигини тасдиқловчи маълумотнома;
18. Вафот этган шахснинг ота-оналари, турмуш ўртоғи ёки оиланинг бошқа аъзоси вафот этган шахснинг уч ёшга тўлмаган болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини парвариш қилиш билан банд бўлганлигини ва ишламаганлигини тасдиқловчи маълумотнома;
19. Ходимнинг қарамоғида бўлган оила аъзоси вафот этган тақдирда нафақа тайинлаш тўғрисидаги маълумотнома;
20. Туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномаларни олиш учун вояга етмаган шахснинг ёки паспорт олмаган шахснинг фотосурати ёпиштирилган маълумотнома;
21. Васийликка олинганларни таъминлаш ва уларни зарур даражада парваришлаш бўйича қариндошларининг бунга қодирлигини тасдиқловчи маълумотнома;
22. Васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган ишламайдиган шахслар учун маълумотнома;
23. Шахсий ёрдамчи хўжалигида қорамол мавжудлиги ёки қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бошқа турларини етиштириш билан бандлиги тўғрисида маълумотнома;
24. Ўзи тайёрлаган товарларнинг чакана савдоси билан шуғулланиши учун шароитлар мавжудлигини тасдиқловчи маълумотнома;
25. Касалликка чалинган (сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз) аёлларнинг алоҳида хонада яшаши кераклиги тўғрисида маълумотнома;
26. Кам таъминланган оилада ёлғиз ўзи икки ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларни тарбиялаётган аёллар тўғрисидаги маълумотнома;
27. Жазони ўташ жойларидан озод қилинган, шунингдек, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинган шахсларнинг тавсифи билан маълумотнома;
28. Дафн ўтказилганлиги ҳолатини тасдиқлаш учун маълумотнома.
Хусусий нотариуслар ташкил этилади
“Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига мувофиқ, 2020 йил 1 январдан хусусий нотариал идоралар ташкил этилади.
Фармонда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу ҳужжатдан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиши белгиланганди.
LiveБарчаси