Ҳайдовчининг калитини олиб қўйган ЙПХ инспектори ишдан бўшатилди

Жамият 9215
image

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида ҳайдовчи боди-камерасиз ЙПХ ходимига ҳужжатларини кўрсатмаслиги оқибатида икки ўртада можаро келиб чиққани тасвирланган видео тарқалганди. Ҳолат бўйича вилояти ИИБ маълумот берди.

Унга кўра, видеотасвирдаги ҳолат жорий йилнинг 31 январь куни Қарши шаҳар Ислом Каримов кўчаси, Қарши-Еттитом йўлининг 3 кмгача ҳамда Қарши-Косон йўлинингн 5 кмгача бўлган масофада жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, қоидабузар ҳайдовчиларни аниқлаш ва уларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш мақсадида хизматга жалб қилинган ЙПХ ходими билан содир бўлган.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 2-ЙПХ отряди 2-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ катта инспектори катта сержант Бобораҳим Файзуллаев Абдиқодирович шу куни соат 07:30 ларда ўзининг ВАЗ-2107 русумли автомашинаси билан Қарши шаҳар томонга ҳаракатланиб келаётган вақтида Damas русумли автомашина Қарши-Косон йўлининг Қарши тумани Узуннаво қишлоғи рўпарасида ўрнатилган светафорнинг тақиқловчи қизил чироғидан ҳаракатланиб келганлиги учун уни ўзининг автомашинаси билан тўхтатган.

Катта сержант Бобораҳим Файзуллаев автомашинасидан тушиб, ўзининг эътиборсизлиги оқибатида боди-камерасидан фойдаланмаган ҳолда бош кийимини киймасдан Damas русумли автомашина эшигини очиб, ҳайдовчи Йўлдошевга ўзини таништирмасдан, тегишли ҳужжатларини тақдим қилишни сўраган.

Шундан сўнг фуқаро Йўлдошев катта сержант Б.Файзуллаевга “командир одамни қўрқитманг, камерангиз йўқ”,деб эътироз билдирганидан сўнг у ўзининг автомашинасидан бош кийимини олиб кийиб боди-камерасини олган ва Damas русумли автомашина эшигини очиб ҳайдовчига ҳужжатларини тақдим этишни талаб қилиб, автомашина калитини олиб қўйган.

Фуқаро Йўлдошев катта сержант Б.Файзуллаевга “командир бунақа қилишга ҳаққингиз йўқ”, деб эътироз билдирганида ҳайдовчига “Нима қилишга ҳаққим бору, нимага ҳаққим йўқлигини ўзим билан”, деб, у билан қўпол муомалада бўлиб ҳужжатларини тақдим қилишни талаб қилган. Ҳайдовчи ЙПХ инспекторига ҳеч қандай қоида бузмаганлигини, светофорнинг яшил чироғидан ҳаракатланиб келганлигини айтган. ЙПХ инспектори уни гапларига эътибор бермасдан ҳужжатларини тақдим қилишини, ўзини “Дилбек” эканлигини тасдиқлаб беришини айтганида, ҳайдовчи ЙПХ инспекторига автомашина эшигини ёпишни талаб қилган.

Катта сержант Б.Файзуллаев автомашина эшигини ёпиб ҳужжатларини беришни талаб қилганида, фуқаро унга “Мени қисиб тўхтатдингиз, Сизни бунга ҳаққингиз йўқ, автомашина калитини ҳам олиб қўйдингиз бунинг учун ҳам жавоб берасиз, бундай қилишга ҳаққингиз йўқ, бу ишларингиз учун жавоб берасиз, мен тегишли жойга арз қиламан”, деб, автомашина ҳужжатларини ЙПХ инспекторига тақдим қилганида у ҳужжатларни олиб, “Йўлнинг нариги томонига ўтасиз”-деб, ўзининг автомашинасига миниб йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб тўхтаган.

Шундан сўнг, фуқаро Йўлдошев автомашинасидан тушиб, ўзини ўзи тасвирга олиб, машинаси очиқ қолаётганига урғу бериб ЙПХ инспекторининг орқасидан борган.

ЙПХ инспектори фуқаро Йўлдошевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрь кунидаги 370-сонли Қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 31-бандида кўрсатилган қоидабузарликни содир этганлиги учун UZ-19-серияли 70-270501-рақамли маъмурий баённома расмийлаштирган ва ҳайдовчини маъмурий баённома билан таништириб ҳайдовчилик гувоҳномасини маъмурий баённомага илова қилиб, қолган ҳужжатларини тўлиқ қайтариб берган.

Мазкур ҳолат юзасидан ЙПХ катта инспектори катта сержант Бобораҳим Файзуллаевга нисбатан вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, ўтказилган текширув давомида, катта сержант Файзуллаев хизмат фаолиятини олиб бориши давомида ИИВнинг меъёрий ҳужжатларида кўрсатилган талабларга риоя этмасдан, фуқаролар билан беписандларча қўпол муносабатда бўлиб, ўзининг интизомсизлини намоён қилиб, фуқаролар онгида ИИО ходимлари тўғрисида салбий фикрларни ўйғонишига сабабчи бўлганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 408
Рейтинг: 2.9
t
×