“Тез ёрдам” шифокорлари ҳам боди-камера билан таъминланяпти
Жамият
−
11 Январь 2020
5264Тез тиббий ёрдам имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида шу соҳа тиббиёт ходимларини боди-камералар билан таъминлашнинг тиббий-ҳуқуқий жиҳатларини ўрганиш бўйича тажриба-синов ишлари бошланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаевнинг маълум қилишича бундан мақсад тиббий хизмат кўрсатишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бемор ҳуқуқи ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, тиббий хизмат сифатини янада оширишдир. Ушбу боди-камералар тиббиёт ходимларининг таҳдид ва тажовузга учраши эҳтимолининг олдини олишда ҳам муҳим ўрин тутади.
Бундан ташқари, Санитар авиация хизмати учун замонавий вертолётлар харид қилиниши режалаштирилган. Ушбу йўналишдаги ишларни ташкил этиш мақсадида санитар авиация хизматидан фойдаланиш тартиби тасдиқланиб, санитар вертолётни тиббий анжомлар билан жиҳозлаш спецификацияси ишлаб чиқилди.
Ислоҳотлар натижасида аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматига бўлган ишончи ортмоқда, мурожаатлар йил сайин ошиб боряпти. Масалан, 2016 йилда чақириқлар сони 7,2 миллионни ташкил қилган бўлса, 2017 йилда – 8,7 миллион. 2018 йилда эса 9,8 миллионга етган. Ўтган йилда эса мурожаатлар сони ўн миллиондан ошган.
Шу билан бирга, шошилинч тиббий ёрдам хизматининг стационар муассасаларига ҳам мурожаатлар кўпаймоқда. Жумладан, 2017 – 2019 йилларда ушбу шифо масканларига 7,5 миллиондан зиёд бемор мурожаат қилган. Улардан 2,5 миллион нафари стационар, 5 миллиондан ортиғи эса амбулатор тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлган. Стационарда даволанган беморларнинг 500 мингдан ортиғига юқори технологияли мураккаб хирургик амалиётлар бажарилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошидан Ички ишлар вазирлиги Йўл-патруль хизмати ходимлари боди-камералар билан ишлай бошлади.