Президент маслаҳатчиси Шодмоновга: Сиз олдин берилган пулни ҳазм қилиб олинг
Жамият
−
25 Декабрь 2019
43045Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг кеча, 24 декабрь куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг Умумий овқатланиш корхоналари ва таълим тизимида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига оид қонун ҳужжатларининг ижросини ўрганиш натижаларига бағишланган мажлисига бормагани кун тартибига чиқди.
Бугун, 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида ўтган йиғилишда Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ушбу масалада сўз очиб, Шодмоновга юзланди.
“Кеча Танзила Камоловна Норбоева жуда ҳам керакли, жуда катта йиғилиш ўтказдилар. Мен тушунмадим, нега бормайсизлар? Нима бу масаланинг сизларга алоқаси йўқми?”, дейди Абдувоҳидов.
Алишер Шодмонов Президент маслаҳатчисининг саволини қуйидагича жавоблади:
“Абдужаббор Абдусатторович, кеча ОАВда ҳам чиқишлар бўлди. Мен ҳам шу ерда расмий жавоб берай, ёзиб олишсин. Мен Сенатни, Сенат раисини ўта ҳурмат қиламан. Қачонки, қайси йиғилиш ўтказилса, мен борганман, лекин бу йиғилишга мен таклиф этилмаганман. Нима учун деган савол билан мен ҳам оммавий ахборот воситаларида чиқишга мажбур бўламан. Мен таклиф этилмаганман”, дейди Соғлиқни сақлаш вазири.
Шу тобда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаев сўз олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига 18 декабрь куни расмий хат киритилганини очиқлади.
“Соғлиқни сақлаш вазири номига 18 декабрь куни хат чиқардик. Агар бу масалани таҳлил қиладиган бўлсак, кеча Бош вазир ўринбосарига нусхасини юбордик. Йиғилишда Соғлиқни сақлаш, Халқ талими ва Мактабгача таълим вазирлари ҳисоботи бор эди”, дейди сенатор.
Шундан сўнг Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов соҳадаги коррупция масалалари, бошбошдоқлик, қолаверса, ишлар тизимли йўлга қўйилмагани юзасидан Алишер Шодмоновга юзланди. Улар ўртасидаги суҳбат қуйидагича кечди:
Абдужаббор Абдувоҳидов: — Алишер ака, сизнинг ҳозирги чиқишингиздан бир хулоса қилдим, аммо бу хулоса мен учун янгилик эмас. Кечирасиз, лекин чиқиб у қиляпмиз, бу қиляпмиз, деб гапиряпсиз. Агар мен бир ташкилотнинг раҳбари бўлсам, ўша ташкилотда бўлаётган ишларга мен жавоб бераман, мен. Ё сиз бу нарсаларга жавоб бермайсизми? Яна бошлайсизлар у қилдик, бу қилдик... Ҳудудда ҳеч ким қилмаган, биринчи биз қилдик...
Кечирасиз-у мен булар билан биргаликда (сенатор Зайниддин Низомхўжаевга қараб) ҳар хил клиника, поликлиникаларда каламушлар чопиб юрган бўлса, ўшаларни ёптириб юрибман ё нотўғрими? Биз биргаликда жавоб берамиз бу нарсаларга, биргаликда. Сиз ва бутун қўлингиздаги одамлар билан биргаликда.
216 миллиардни айтяпсиз. 216 миллиард кимнинг пули? Аҳолининг пули, одамларнинг пули, шунга хизмат кўрсатишингиз керак. Ўшанга вақтида дори-дармон олиш керак. Мен нимага бу масалани кўтаряпман? Дори-дармонни одамлар ўзи олиб келяпти. Ё нотўғрими?
Алишер Шодмонов: — Тўғри, чунки 1,5 трлн дорига бериляпти, 4 млрд сўмлик эҳтиёжимиз борда. У тўлиқ қоплай олмаяпти. Олиб келади, бунинг иложи йўқ. Мен ҳозир буни қоплаб беролмайман.
Абдужаббор Абдувоҳидов: — Сиз берилган пулни ҳазм қилинг! Шундагина қолганини гаплашайлик. Мана, биринчи масала.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Соғлиқни сақлаш вазирининг мазкур хатти-ҳаракатлари ва вазирликдаги ижро интизомини кучайтириш чораларини кўриш мақсадга мувофиқлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига хат киритди.
LiveБарчаси