Абдувоҳидов Президент маслаҳатчилигидан кетди
Жамият
−
25 Август 2022
15220Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов лавозимидан озод этилди.
Абдужаббор Абдувоҳидов 1956 йилда Қозоғистонда туғилган. Тошкент давлат университетини тамомлаган.
1978 йилдан Мисрда таржимон бўлиб ишлаган. 1981-1983-йилларда ҳарбий хизматни ўтаган, хизматни ўтаб бўлгач, шу йили Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) аспиранти бўлган.
1987 йилда Фалсафа-иқтисод факультетида ишлаган. 1988 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида илмий котиб бўлган. 1990 йилда 1928-1963 йилларда Миср ва Сурия ижтимоий-сиёсий майдонида “Мусулмон биродарлар” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Кейинчалик, 1992 йилда “Мерос академияси” масъулияти чекланган жамияти директори, 1997 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг илмий-тижорий тадқиқотлар бўлими мудири лавозимини эгаллаган.
1998-2001 йилларда Республика “Устоз” жамғармаси ижрочи директори. 2001-2002 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг халқаро бўлими мудири лавозимида ишлаган.
2002 йилда у Карнеги жамғармасига тадқиқотчи сифатида таклиф қилинган.
2003-2004 йилларда — Ўзбекистон Республикаси Президентининг фан, таълим ва ижтимоий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси, шу билан бирга, 2002-2011 йилларда Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ректори лавозимида ишлаган.
2011 йил 26 июлда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори этиб тайинланди ва у ерда 2012 йилгача ишлади. Ўша йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори бўлди. 2015 йилда "GALLERY SIGNATURE" масъулияти чекланган жамияти директори бўлди.
Шунингдек, 2017 йилдан у NextStepPro хусусий таълим муассасаси директори бўлди. Ўша йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси ижрочи директори лавозимини эгаллади.
У 2018 йилнинг 27 августидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
LiveБарчаси