Олимпия ўйинлари олдидан дзюдочи қизга давлат мукофоти топширилди
Спорт
−
10 Июль 2021
4669Бугун, 10 июль куни Туризм ва спорт вазирлигида Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олган дзюдочилар ҳамда уларнинг мурабийларларига пул мукофотлари топширилди.
Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужуаббор Абдувоҳидов дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Гулноза Матниёзовани мукофотлаш тўғрисидаги Президент Фармонини ўқиб эшиттирди ҳамда давлат мукофоти – “Шуҳрат” медали билан уни тақдирлади.
“Бу унвонга эришиш мен учун катта шараф. Бу учун ота-онамга катта раҳмат айтаман. Ютуқларга эришишимга доимо мени қўллаб қувватлаб турган отам сабабчи. Насиб қилса, бундан-да юқори марраларни эгаллаб, Олимпия ўйинларида жамоавий ҳисобда ҳам юқори натижалар қайд этиб, Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтарамиз. Токиога йўл олишдан олдидан мени ҳеч нима қўрқитаётгани йўқ, мен олдимга мақсад қўйганман ва унга эришиш учун боримни бераман”, дейди Жаҳон чемпионати совриндори, Осиё чемпиони — Гулноза Матниёзова.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, федерация мутасаддилари, дзюдочилар, уларнинг ота-оналари, мураббийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Азиз Абдуҳакимов ва Рустам Шоабдураҳмонов спортчилар ва уларнинг мураббийларига омад ва зафарлар тилади. Дзюдо ватанида бўлиб ўтаётган мусобақада юқори натижалар кўрсатиш муҳим вазифа эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек маросимда ХХХII ёзги олимпия ўйинларига йўлланма олган 10 нафар (7 эркак, 3 аёл) дзюдочига 100 миллион, уларнинг мураббийларига эса 50 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофотининг сертификатлари топширилди.
Жорий йил Будапешт шаҳрида ўтказилган Жаҳон чемпионатининг совриндори Давлат Бобоновнинг таъкидлашича бундай рағбатлантиришлар Олимпиада олдидан кўтаринки кайфият ва куч-қувват тақдим этади.
“Шундан сўнг биз халқимизнинг, президентимизнинг бизга бўлган эътиборини ҳис этиб, билдирилган ишончни муносиб оқлашга ҳаракат қиламиз. Ушбу Олимпиадага биринчи қадам 5 йил аввал ташланган. Чунки, бошқа спорт турларидан фарқли ўлароқ дзюдо спортида лицензия учун очколар 4 йил мобайнида йиғиб борилади.
Олимпия ўйинлари ҳар бир атлетнинг орзуси. Унда иштирок этишнинг ўзини ҳам катта ютуқ, деса бўлади. Шундай экан, қандай медаль қўлга киритилишидан қатъий назар бу аъло натижа ҳисобланади. Тарихда илк бор аралаш жамоавий кўринишида ҳам иштирок этяпмиз. бунда вазнлар билан боғлиқ баъзи камчиликларимиз бор. Эркаклар ўртасида тўлиқ таркибда иштирок этганимиз учун жамоавий баҳсларда муаммо бўлмайди, фақат қизларимиз нисбатан енгилроқ вазнларда йўлланма қўлга киритишгани сабабли Диёра Келдиёрова ўз вазнидан юқоридагилар билан курашади. Афсуски, аёллар мутлақ вазнида дзюдочи йўқ. Аммо буларни инобатга олмасдан, бор кучимиз билан жамоавий баҳсларда ҳам ўзимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
Ҳозирда мен ва бутун жамоанинг спорт формаси энг юқори даражада. Шунга қарамай биз Японияга эртагаёқ жўнаб кетиб, мусобақа стартига қадар, ўша ерда ўқув машғулот-йиғинларини ўтказамиз”, деди Бобонов. Давлат Бобонов 2020 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши спортчиси, деб топилган эди.
Маълумот учун, шу пайтга қадар Ўзбекистон дзюдо жамоаси Пекин-2008 (6 нафар эркак ва 2 нафар аёл дзюдочи) ва Рио-2016 (7 нафар эркак ва 1 нафар аёл дзюдочи) Олимпия ўйинларида 8 нафардан дзюдочи билан иштирок этган. Токиода эса, 7 нафар эркак, шунингдек, тарихда илк бор, 3 нафар аёл дзюдочи ҳамда аралаш жамоавий йўналишда ҳам баҳс олиб бориш имкониятини қўлга киритилган. Терма жамоа бош мураббийи икки карра Олимпиада чемпиони Илиас Илиадис ҳисобланади. Ўзбекистон дзюдочиларидан иборат делегация эртага, 11 июль куни Японияга жўнаб кетади.
Тўлиқ таркиб қуйидагича:
• -60 кг: Шарофиддин Лутфиллаев
• -66 кг: Сардор Нуриллаев
• -73 кг: Ҳикматиллоҳ Тўраев
• -81 кг: Шарофиддин Болтабоев
• -90 кг: Давлат Бобонов
• -100 кг: Муҳаммадкарим Хуррамов
• +100 кг: Бекмурод Олтибоев
• -52 кг: Диёра Келдиёрова
• -63 кг: Фарангиз Ҳожиева
• -70 кг: Гулноза Матниязова
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15