Одамлар, болалар заҳарланаверсин Соғлиқни сақлаш вазирига фарқи йўқ – Норбоева
Жамият
−
24 Декабрь 2019
9967Бугун, 24 декабрь куни Олий Мажлис Сенати кенгашининг умумий овқатланиш корхоналари ва таълим тизимида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига оид қонун ҳужжатларининг ижросини ўрганиш натижаларига бағишланган мажлис бўлиб ўтди. Унда на Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва на унинг ўринбосарлари иштирок этди. Сенат раиси ушбу эътиборсизликни қаттиқ танқид қилиб, “Одамлар, болалар заҳарланишаверсин, буларга фарқи йўқ”, деди дея ёзмоқда ЎзА.
Йиғилишда Сенати томонидан ўтказилган ўрганиш давомида қатор муаммолар аниқлангани айтилди. Хусусан, сўнгги йилларда аҳоли ўртасида заҳарланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. 2017-2019 йиллар давомида 154 та бундай ҳолат қайд этилган, натижада 1700 нафар фуқаро, шу жумладан 665 нафар бола жабрланган. 15 киши вафот этган. Бундай ҳолатлар асосан умумий овқатланиш корхоналарида, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида қайд этилган.
Кўп ҳолатларда бунга тўйхона, ошхона, кафе, ресторан ва бошқа умумий овқатланиш корхоналарининг санитария талаблари лойиҳалари асосида қурилмаганлиги сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларини лозим даражада сақлаш учун шароитлар мавжуд эмас, мактабгача таълим муассасалари ошхоналарининг жиҳозланиши ҳам талабларга жавоб бермайди.
Умумий овқатланиш ходимлари даврий тиббий кўрикдан ўтмайди, ошпаз ва ёрдам берувчи ходимларнинг овқат тайёрлаш бўйича технологик талаблар тўғрисида билим ва тушунчалари йўқ.
Ўрганишлар давомида республиканинг 1533 та мактабгача таълим муассасасида ташиб келтириладиган ичимлик сувидан фойдаланилиши аниқланган. Бунда уларнинг кўп қисмида тегишли гигиеник сув идишлари ўрнатилмаган. 5854 та давлат мактабгача таълим муассасаси ошхоналарининг моддий-техник базаси ҳолатини яхшилаш лозим, бунинг учун 391 млрд сўм маблағ талаб этилади.
“Биз бугун жуда долзарб, комплекс ёндашишимиз зарур бўлган масала муҳокамасида турибмиз. Овқатдан заҳарланиш, оммавий заҳарланиш ҳолатлари тобора кўпайиб бормоқда. Айниқса, эртамиз эгалари бундан кўп азият чекмоқда. Бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатлари қанчалик ишлаяпти, жойларда айниқса, таълим муассасаларида умумий овқатланиш қоидаларига амал қилиняптими, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, етказиб бериш тизими қандай йўлга қўйилган, бу саволларга аниқ жавоб, муаммоларга ечим топиш асосий вазифа ҳисобланади. Ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, кўплаб таълим муассасалари ўқувчиларида хроник касалликлар бор. Бу сифатсиз, носоғлом овқатланиш натижасида юзага келади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра соғлом овқатланишнинг 12 та принципи мавжуд. Бизнинг мутахассисларимиз, айнан таълим муассасаларидаги тиббиёт ходимлари, ошпазларнинг аксарияти афсуски бу борада умуман тушунчага эга эмас. Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам соғлом овқатланишни тарғиб қилиш, аҳолига тушунтириш, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ишлар умуман қониқарсиз. Шунга қарамай бугунги мажлисга на Соғлиқни сақлаш вазири келди, на вазир ўринбосари. Одамлар, болалар заҳарлаверсин, буларга фарқи йўқ. Манфаатдор идоранинг ушбу масалага муносабати шуми?!”, дейди Сенат раиси Танзила Норбоева.