Бош прокуратура болаларни заҳарлаш режасини ким тузганига аниқлик киритди
Жамият
−
22 Декабрь 2019
33535Бугун, 22 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Мактабгача таълим ташкилоти ходималарининг телефон орқали ўзаро мулоқоти акс этган аудиоёзув тарқалган эди. Унда бир ходима иккинчи ҳамкасбига болаларни заҳарлаш йўли билан Мактабгача таълим ташкилоти мудирасига нисбатан ғаразли мақсадини амалга оширмоқчилигини айтади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ушбу аудиоёзув бўйича текширув ўтказди ва қуйидагиларни маълум қилмоқда.
Бекобод тумани прокуратурасидан маълум қилишларича, жорий йилнинг 20 декабрь куни фуқаро С.Каримқулова туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилган. Унга кўра, шу йилнинг 16-17 декабрь кунлари жияни Наргиза орқали Феруза Султонова билан танишганини, у билан жияни Наргиза ишга қандай тиклаш юзасидан маслаҳат сўраганини, унга 6-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Дилфуза ва туман МТМ бўлими бошлиғи Нилуфар Михлиевада адовати борлигини баён қилган.
Аризада Нилуфарнинг устидан бир неча жойларга мурожаат қилганини ва боғчадаги болалар заҳарланса, текшириш бўлиб, уларнинг барчасини ишдан олиб ташлашини ва жиноят иши қўзғатилишини айтган. Бекобод шаҳрида доимо болалар заҳарланаётганини, айнан гўштга дори қўшишни, ундан дори номини билиб беришни сўраганини, болалар енгил заҳарланиб, шифохонага мурожаат қилишликларини, бунинг ортидан эса шов-шув кўтарилиб, барча ишдан кетишини айтган. Ферузанинг бу ишлари ноқонуний эканлиги сабабли унга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Феруза Султонова ўз тушунтириш хатида жорий йилнинг бошларида унинг уйига Сожида исмли аёл, жияни Наргиза билан излаб келгани, у уйда бўлмагани сабабли онасидан унинг телефон рақамини олгани, сўнг унга телефон қилганини ва у билан Бекобод тумани Зафар шаҳарчасида учрашганини, Сожида унга МТМ бўлими бошлиғи Нилуфар Михлиевада адовати борлигини ва уни ишдан бўшатмоқчи эканини айтган. Шунингдек, у Сожидага Нилуфар Михлиеванинг устидан турли идораларга ариза билан мурожаат қилганини, Сожидани унинг олдига Нилуфар Михлиева юборганидан шубҳаланиб, Сожидани Нилуфар Михлиева ёллаган деб ўйлаб, уни синаш учун боғчадаги болалар заҳарланса, уларнинг барчаси ишдан кетишини айтганини ва Сожидани кейинги ҳаракатларини билиб олмоқчи бўлганини, аслида ҳеч кимни заҳарлаш нияти бўлмаганини баён қилган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Бекобод туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижалари бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
LiveБарчаси