“Шифокор”ларимиз таъмагирликдан қониқмай, чақалоқларни пуллаяпти – Йўлдошев (видео)

Жамият

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупция шу қадар илдиз отиб кетганки, у ҳомиладор аёлни рўйхатга олишдан бошлаб, то болани оёққа қўйгунгача давом этмоқда. Бу ҳақда бугун, 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида ўтган йиғилишда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маълум қилди. 

“Репродуктив саломатликни, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш – давлат сиёсати даражасига кўтарилгани соҳа мутасаддиларига алоҳида масъулият юклайди.

Афсуски, ушбу йўналишларда ҳам коррупция “палак” отиб, бу иллат ҳомиладор аёлни рўйхатга олишдан бошлаб, фарзанд туғилиб, уни оёққа қўйгунгача кўрсатиладиган барча тиббий хизмат жараёнларини кенг қамраб олган.

Бу соҳада фаолият олиб бораётган 69 нафар тиббиёт ходими таъмагирлик ва бошқа суистеъмолчиликлари учун жиноий жавобгарликка тортилганлиги шундан далолат беради”, дейди Ниғматилла Йўлдошев.

Бош прокурорнинг қайд этишича, Тошкент шаҳар Бектемир туман марказий поликлиникаси шифокори ҳомиладор И.ни диспансер рўйхатига  киритиш учун 150 минг сўм, Р.ни диспансер назоратига олиш эвазига 350 минг сўм олганлиги учун жавобгарликка тортилган.

Самарқанд вилояти Перинатал маркази шифокори фуқаро Ш.ни жарроҳлик йўли билан туғдириш эвазига 500 минг сўм талаб қилиб олганда ушланган.

Тошкент шаҳар 4-сонли туғруқхона шифокори эса, 300 доллар пора эвазига фуқаро Х.нинг 14 ҳафталик ҳомиласини аборт қилиш йўли билан олиб ташлаган. 

Бош прокурор сўзида давом этаркан, айрим шифококлар таъмагирлик ва порахўрликдан қониқмай, энди чақалоқларни сотишдек жирканч жиноятларга қўл урмоқда. Йўлдошев ўз фикрларини аниқ далиллар билан тўлдирди. 

“Аҳвол шу даражада аянчлики, “шифокорларимиз” бу каби таъмагирликлардан ҳам қониқмасдан, ҳатто, гўдакларни пуллашгача бўлган қабиҳликка қўл урмоқда. 

Мисол учун, Янгийўл туман туғруқхонаси шифокори Ҳамроев фуқаро Эргашевага унинг чақалоғи гўёки вафот этганини айтиб, норасида гўдакни бошқа бир фуқарога 100 долларга сотиб юборган.

Бахмал туманида туғруқ бўлими мудири Умматов ҳомиладор фуқаро Турсунованинг никоҳсиз туғилган фарзандидан воз кечмоқчилигини билиб, гўдакни таниши Норбоевга 3 миллионга сотган. Албатта, бир жирканч жиноятларга қўл урган тиббиёт ходимлари жавобгарликка тортилди. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: шифокорларнинг бу қадар тубанликка берилиши сабабларини вазирлик ўрганганми? Қачон бу ҳолатларга чек қўйилади? Аслида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида йўл қўйилаётган камчиликлар , мавжуд муаммоларнинг бир учи бу каби суиистеъмолчиликларга бориб тақалмайдими?”, деб Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга юзланди Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ниғматилла Йўлдошев

Баҳолаганлар

196

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг