Ҳафтанинг муҳим воқеалари суратларда
Таҳлил
−
21 Июль 2019
7424Тугаб бораётган ҳафта халқаро майдонда ва Ўзбекистонда кўплаб воқеаларга бой бўлди. Қуйида уларни суратлар орқали эътиборингизга ҳавола этамиз.
15 июль, душанба. Озарбайжоннинг Шеки районида жойлашган “Хонлар саройи” мажмуасидаги 5 асрлик чинорнинг хохи одамлар устига қулади.
Дарахтнинг қуриган шохи синиб тушиши оқибатида 19 киши жароҳатланган. Жароҳатланганларнинг 5 нафари Сурия, 2 нафари Россия фуқаролари бўлган.
15 июль, душанба. 80 ёшли отахон Тўхтамиш Султонов Сурхондарё вилояти Ангор тумани Давлат хизматлари маркази орқали олий таълим муассасаларига ҳужжат топширди.
Ёши энг улуғ абитуриент Самарқанд давлат университетининг Биологияни ўқитиш методикаси ҳамда Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалининг даволаш ва педиатрия иши йўналишини танлаган.
15 июль, душанба. Туркиянинг Истанбул шаҳрида Отатурк аэропортида 2016 йилнинг 15 июль куни рўй берган террористик акт, давлат бошқаруви ва конституцион тизимга қарши тўнтаришга уриниш устидан қозонилган ғалабанинг уч йиллиги муносабати билан Президент Ражаб Тойиб Эрдўған иштирокида митинг бўлиб ўтди. Унда миллионлаб туркияликлар қатнашди
15 июль, душанба. Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда ЎФА президенти лавозимини тарк этган Очилбой Раматовнинг ўрнига ДХХ раиси Абдусалом Азизов ягона номзод сифатида кўрсатилди ва унинг номзоди делегатлар томонидан бир овоздан сайланди.
15 июль, душанба. Тошкент шаҳрида гўшт нархи 60 минг сўмга кўтарилиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса “Элга хизмат” масъулияти чекланган жамиятлари гўшт арзонлаштирилган нархда сотилаётганини айтиб чиқди. Ҳолат бўйича QALAMPIR.UZ бозорларда суриштирув ўтказди. “Фарҳод” деҳқон бозори, “Чорсу”, “Чилонзор” деҳқон бозори, “Юнусобод”, “Тансиқбоев” деҳқон бозорларида гўшт ҳақиқатан ҳам арзонлаштирилган нархларда сотилаётгани, аммо бу нарх сунъий тарзда ушлаб турилгани, сотувчилар бозор раҳбарияти томонидан гўштни арзон нархда сотишга мажбур қилинаётгани аниқланди.
16 июль, сешанба. “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ўтган ҳафта “Миллион” жамоаси лицензия учун 187.727.980 сўм қарздорлик бўйича тўловларни жорий йилнинг 16 июлига қадар амалга оширмаса, жамоа билан тузилган лицензия шартномаси бекор қилиниши бўйича расмий огоҳлантириш хати юборганини айтиб чиққан эди. 16 июль куни жамоа сардори Даврон Кабулов лицензия бўйича тўловларни амалга ошириш бошланганини маълум қилди. Бу орада Наманган, Жиззах, Андижон, Фарғона, Бухоро, ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги гастроль концертлар қолдирилмаслиги маълум қилинди.
Мазкур хабар QALAMPIR.UZ`да эълон қилингач, юзлаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ва шахсан ташкилот директори Одилжон Абдуқаҳҳоровнинг фаолиятини танқид остига олдилар. Изоҳларга кўра, сўнгги даврларда “Ўзбекконцерт” лицензия бериш ва уни олиб қўйиш билан шуғулланяпти, санъатда ўсиш, ривожланиш, халқаро саҳналарга чиқиш кузатилмаяпти.
16 июль, сешанба. Ёш шахматчи Жавоҳир Синдоров яна шоҳсупада! Тошкент шаҳридаги Халқаро шахмат академиясида шахмат бўйича эркаклар ўртасида Ўзбекистон чемпионати – Олий лига баҳслари ўтказилди. Чемпионатда Ўзбекистоннинг энг кучли 13 нафар шахматчиси ғолиблик учун ўзаро дона сурдилар. Кескин ва муросасиз ўтган баҳсларда 10 очко тўплаган Жавоҳир Синдоров шоҳсупанинг биринчи поғонасидан жой эгаллади. Эътиборлиси, у бу мувофаққият билан Ўзбекистон Шахмат тарихида энг ёш чемпионга айланди.
16 июль, сешанба. Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги “Умар ибн Хаттоб” жоме масжидининг янги биносига биринчи ғишт қўйилди. Маросимда Зафаробод тумани ҳокими И.Қаршибоев, Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали домла Жабборов ва бошқалар иштирок этишди.
Янги масжид сиғими 250 кишига мўлжалланган бўлиб, шу йилнинг якунига қадар битказилиши режалаштирилган. Қурилиш ишлари халқ ҳашари ва маҳаллий тадбиркорлар кўмагида амалга оширилади.
16 июль, сешанба. Тошкент вилояти Оҳангарон йўли А373 трассасида мудҳиш ЙТҲ юз берган. Юк машинаси ва Spark енгил автомобили иштирокида содир бўлган ЙТҲ натижасида икки автомобиль ҳам ёна бошлаган. Оқибатда трассада ҳаракатланиб бўлмаган, бошқа автомобиллар ва одамлар ЙТҲ бўлган жойга яқин бора олмаган. ИИВ, ФВВ мазкур ҳолат бўйича баёнот бергани йўқ.
17 июль, чоршанба. “Бейнеу – Акжигит – Ўзбекистон чегараси” халқаро автомагистралининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин очиб берди.
17 июль, чоршанба. Россиянинг Краснодар шаҳрида ноёб ёввойи жониворларни олиб кетишга уринган ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноят иши очилди.
Эркак Краснодардан Тошкентга учиш учун рўйхатдан ўтаётганда қўлга олинган. У жониворларни пластмасса контейнерларда олиб кетмоқчи бўлган. Жониворлар Краснодардаги ҳайвонот боғига берилган.
17 июль, чоршанба. Ижтимоий тармоқларда давлат рақами кўрсатилмаган оқ рангдаги Nexia автомобилининг сурати тарқалди. Ушбу сурат Тошкентнинг Навоий шох кўчасида – Алишер Навоий номидаги кинотеатрнинг қаршисида туширилган.
Унда автомобилнинг давлат рақами ўрнатилиши керак бўлган қора рангдаги пластик қисмига махсус мослама жойлаштирилганини кўриш мумкин. Мазкур мослама йўлда ҳаракатланиб кетаётган автомобилларнинг тезлигини ўлчаб боради ва маълумотларни автомобиль салонига ўрнатилган фоторадар хотирасига узатади.
18 июль, пайшанба. “Тошкент-Самарқанд” йўналишида ҳаракатланиб келаётган Nexia-3 автомашинаси “Юқори нуқта” постидан ўтгандан сўнг, Булунғур тумани ҳудудида йўлдан чиқиб кетиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этди. Воқеа гувоҳларининг айтишича, мазкур ҳолатга 85 217 VSF рақамли (ЙПХ) хизмат автомашинаси сабаб бўлган.
18 июль, пайшанба. Фарғонада мудҳиш ЙТҲ содир бўлди. Йўловчи ташиш билан шуғулланувчи DAMAS русумидаги автомобиллар бир-бири билан тўқнашиши оқибатида иккиси ҳам оғир даражада шикастланган. Автомобиллар одамлар билан тўла бўлган. Натижада йўловчиларнинг кўп қисми жароҳатланган. Гувоҳнинг қайд этишича, воқеа жойига 5-6 та тез ёрдам машинаси келган, улар жароҳатланганларни шифохонага ташиб улгирмаган.
18 июль, пайшанба. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутилмаганда Ховосга борди. Бу давлат раҳбарининг жорий йилда туманга иккинчи бор келиши.
Давлат раҳбари Ховос шаҳарчасининг янги марказини бунёд этиш ишлари билан танишди.
18 июль, пайшанба. Япониянинг Киото шаҳрида ваҳший жиноят содир этилди. Эркак аниме студиясига бостириб кириб, ёнувчан суюқлик сепиб, ёқиб юборди.Ёнғин натижасида 28 киши ҳалок бўлди ва 30 нафардан ортиғи жароҳатланди.
Маълумотларга кўра, эркак бинога “Ўлларинг”, деб бақириб, кирган. Полиция ходимлари жиноятчини қўлга олган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, унинг қўл ва оёғи куйиб, ҳозирда шифохонага ётқизилган.
18 июль, пайшанба. Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида ёпиқ усулда қурилаётган янги станциялар оралиғидаги туннелнинг навбатдаги қисмида бурғулаш ишлари бошланди.
Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг иккинчи босқичи қурилиши лойиҳасининг умумий қиймати – 124,8 млн АҚШ долларини ташкил этади. Барпо этилаётган янги йўлнинг умумий узунлиги 2,93 километрдан иборат.
18 июль, пайшанба. Туркиянинг Анталия шаҳрида Ўзбекистон фуқароси бахтсиз ҳодиса қурбони бўлди. Анталияда 82 ёшли З.Х. йўлни кесиб ўтаётганда мотоцикл томонидан уриб юборилган ва воқеа жойида вафот этган.
19 июль, жума. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Сирил Мюллер билан музокара ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кечаётган ўзгаришлар, хусусан, иқтисодий-ижтимоий йўналишларда амалга оширилаётган янгиланган сиёсат меҳнат ҳуқуқи, аҳоли саломатлиги, таълим каби соҳаларда сезиларли натижаларга эришиш имконини бераётгани қайд этилди.
19 июль, жума. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
19 июль, жума. Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидаги Оҳангарон ва Ҳусайн Бойқаро кўчалари кесишмасидаги “Сувсоз” айланмаси марказида байроқ ўрнатилди. Унинг баландлиги 35 метрни ташкил этади.
19 июль, жума. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви, Президент хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари, Триатлон федерацияси Президенти Отабек Умаров йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун жаримага тортилди. У ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорнинг суратини жойлаштирган.
20 июль, шанба. Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева Москвага борди. У Москвада тарихда илк бор ўтказилаётган ёшлар ўртасидаги бадиий гимнастика бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этяпти.
Саида Мирзиёева гимнастика бўйича ЖЧда иштирок этаётган Ўзбекистон терма жамоасини табриклаб, мусобақа ташкилотчиси миллиардер Алишер Усмоновнинг рафиқаси Ирина Винер-Усмоновага миннатдорлик билдирди.
20 июль, шанба. Пойтахт Тошкентда замонавий камондан отиш спорт базаси барпо этилди. Унинг очилиш маросимида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ўғли – Бутунжаҳон этноспорт Конфедерацияси президенти Билол Эрдўған иштирок этди.
Маросимида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сурайё Эр ҳам иштирок этган.
20 июль, шанба. Тошкент осмонида номаълум жисм аниқланди.Жисмдан таралаётган ёруғлик камераларда ҳам илғанган. Осмонда кўрилган жисм соат 21:00 атрофида учиб ўтган. Ижтимоий тармоқларда жисм Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромидан учирилган "Союз-ФГ" ракетаси экани айтилмоқда.
21 июль, якшанба. Наманган шаҳрида жойлашган “Чорсу” бозорида мудҳиш ёнғин содир бўлди.
Кўрилган чоралар натижасида ёнғин ўчирилган. Ёнғин оқибатида деҳқон бозорида ёнма-ён жойлашган дорихона, сартарошхона ва парфюмерия маҳсулотлари савдо дўконларининг 200 кв метр майдони ҳамда нон растасининг 600 кв метр майдони ёниб зарар кўрган.
LiveБарчаси