ДХХ раисининг футболдаги ўринбосарлари расман сайланди
Спорт
−
15 Июль 2019
6211Аввалроқ хабар берганимиздек, бугун, 15 июль куни Тошкент шаҳрида жойлашган “Radisson Blu Hotel” меҳмонхонасида Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Конференция кун тартибидан қуйидаги масалалар ўрин олди:
• 2018 йил 25 январда бўлиб ўтган Конференция баённомасини тасдиқлаш;
• Молиявий ҳисоботни тасдиқлаш (мустақил аудитор ҳисоботи);
• ЎФА уставига қўшимчаларни киритиш ва уставни янги таҳрирда тасдиқлаш;
• ЎФА президенти, Вице-президентлар ва Ижроия қўмитаси аъзоларини сайлаш.
Дастлаб конференция иштирокчиларига ўзбек футболининг тарихи ва бугунги куни акс этган видеоролик намойиш этилди. Сўнгра, яқинда ЎФА Бош котиби лавозимига тайинланган Аваз Мақсумов навбатдаги ҳисобот-сайлов конференциясини очиб берди.
Шундан сўнг ўз аризасига ЎФА президенти лавозимини тарк этган Очилбой Раматовнинг ўрнига ДХХ раиси Абдусалом Азизов ягона номзод сифатида кўрсатилди ва унинг номзоди делегатлар томонидан бир овоздан сайланди.
Шунингдек, Абдусалом Азизовнинг ўрибосарлари ҳам расман сайланди. Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14 июнь куни Равшан Эрматов ЎФА биринчи вице-президентлигига, Муҳиддин Жўраев эса вице-президентлигига вақтинча тайинланганди. Ҳар икки номзод бугун делегатлар томонидан расман сайланди.