Тошкентда ҳайдовчиларни тузоққа туширишнинг энг паст усулидан фойдаланиляпти...ми?

Жамият 17811
image

Ижтимоий тармоқларда давлат рақами кўрсатилмаган оқ рангдаги Nexia автомобилининг сурати тарқалди. Ушбу сурат Тошкентнинг Навоий шох кўчасида – Алишер Навоий номидаги кинотеатрнинг қаршисида туширилган. 

Унда автомобилнинг давлат рақами ўрнатилиши керак бўлган қора рангдаги пластик қисмига махсус мослама жойлаштирилганини кўриш мумкин. Мазкур мослама йўлда ҳаракатланиб кетаётган автомобилларнинг тезлигини ўлчаб боради ва маълумотларни автомобиль салонига ўрнатилган фоторадар хотирасига узатади. 

Айни вақтда мазкур мослама кўчаларда ҳаракатланаётган автомобилларнинг тезлигини аниқлашни бошлаган бўлса ҳам, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан расмий маълумот ва огоҳлантириш берилгани йўқ. 

Қолаверса, бутун дунёда бу каби мосламалар очиқ-ойдин, ҳайдовчиларнинг кўзи тушадиган нуқталарга жойлаштирилиб, эслатма ва огоҳлантириш тахтачалари ўрнатилиб борилаётган бир вақтда Тошкентда яна қоидабузарликни аниқлашнинг энг паст усулидан фойдаланиляпти. Бу ҳам бўлса ҳайдовчини тузоққа тушириш. 

Шу ўринда савол туғилади: йўл патрул хизмати ходимларининг вазифаси йўлларда қоидабузарликларнинг олдини олиш, ҳайдовчилар қоида бузишига сабаб бўлувчи ҳолатларни олдиндан бартараф қилишми ёки ҳайдовчининг йўл қоидаларини бузишини кутиб туриб, уни жаримага тортиш? Ривожланган мамлакатларда катта автомагистраллар бўладими ёки кичик йўллар, радар фаолияти йўлга қўйилган бўлса, албатта, ҳайдовчи бу ҳақда огоҳлантирилади. Яъни радаргача бўлган масофада “Диққат, радар бор” деб ёзилган тахтачалар ўрнатилади. Ҳайдовчи шунда ҳам йўл қоидасини бузиб, тезликни оширса, жарима тўлайди. Ўзимизда эса бунгача етиб келишга ҳали анча борга ўхшайди. 

Ижтимоий тармоқларда янги радар билан боғлиқ суратга билдирилаётган изоҳлар эътиборимизни тортди. Уларда шундай дейилади: 

– Бу радар эмас, ўлжасини пойлаб ётган қоплон.

– Йўл патрул хизмати ўзига келганда қонунни рўкач қилишни билади, аммо Президентнинг Body-камералар билан боғлиқ талабини икки йилдан буён бажармай келяпти. 

– Янги радарларни харид қилиш учун сарфланган пулга йўл чизиқларини кўринарли чизилса, светофорларни таъмирланса, йўл қоидаларини бузишимизга мажбур қиладиган омиллар бартараф этилса яхши эмасми?

– Қачонгача пойлоқчилик қилишади? Қачонгача?

– Қани ҳайдовчининг ҳуқуқлари, қани уни огоҳлантириш?

– Бўлаётган ўзгаришларга қарши эмасмиз. Радарлар ўрнатишсин, лекин “орқадан пичоқ урадиган”ини эмас. 

– Аввал йўл патрул хизмати ходимлари дарахтлар ортига беркиниб оларди. Бизникилар ҳамма нарсани беркитиб, яширинча қўлга туширишнинг йўлини ҳамма даврда топишади. Мана, инновация! 

Биз Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маъмуриятидан мазкур “пойлоқчи радарлар” юзасидан расмий баёнот кутиб қоламиз. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 442
Рейтинг: 3.0
Будьте в курсе событий!
×
×