Президент Мирзиёевнинг куёви жаримага тортилди
Жамият
−
19 Июль 2019
50663Бугун "Озодлик" радиосининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви, Президент хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари, Триатлон федерацияси Президенти Отабек Умаровнинг Тошкент шаҳри кўчаларида Tesla русумидаги автомобилнинг тезлигини белгилангандан бир неча баробар ошириб ҳайдаётгани тасвирланган видео тарқалди.
Унда қайд этилишича, Отабек Умаров хизмат автомобилида бўлмаган. У автомобиль тезлигини соатига 201 кмгача оширган.
"Озодлик" ушбу видеони ҳам Президент, унинг оила аъзолари, унга дахлдор бўлган ва бўлмаган шахсларга боғлади. Ҳолбуки, Отабек Умаров ўзбекистонлик бошқа ҳайдовчилар қаторида йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Жиноятга қўл урмаган. Буни эса Президент ва унинг давлат раҳбари сифатидаги фаолиятига боғлаш фаросатсизликнинг ўзгинаси.
Умаров юқорида айтилганидек, бошқа ўзбекистонликлар қаторида жаримага тортилди. Бу ҳақда яна унинг ўзи ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилди.
У ижтимоий тармоққа жарима ҳақидаги хабарноманинг суратини жойлаштирди. Ёзилишича, Отабек Умаров жорий йилнинг 8 июль куни Tesla русумли автомобилда Йўл ҳаракати қоидаларининг 78-бандини бузган. Тўғри, у "Озодлик" қайта-қайта эслатганидек, Президентнинг куёви, аммо жаримадан четда қолгани, қонунлар унга келганда ишламай қолгани йўқ. Унга нисбатан 1 824 570 сўм миқдорида жарима тайинланган.
У бу ҳақда шундай ёзади:
"Куни кеча оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда мен билан боғлиқ видеонинг тарқалгани Президентимизнинг очиқлик ва сўз эркинлиги сиёсати амалда эканини кўрсатади, деб ўйлайман.
Журналистлар ва блогерлар ҳақиқатан ҳам реал ҳаётимизда бор муаммоларни кўтариб чиқаётгани қувонарли. Сизлар жамиятда рўй бераётган воқеаларга бефарқ эмаслигингиз, одамларнинг мавқеи ва лавозимидан қатъи назар танқид қилаётганингиз бизни ўз устимизда янада кўпроқ ишлашга ва тартибга риоя қилишга чақиради.
Бугуноқ барча жарималар тўланди. Қонун барча учун баробар!
Шу фурсатдан фойдаланиб, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг жонкуяр ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман!"
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь