Суди бошланган Абдуллаев, ОТМ ректорларининг ваъдаси, ҳайдовчиларга қўйилган тузоқ ва бошқа хабарлар

Жамият

17 июль санаси ҳам ниҳоясига етяпти. Қуйида бугуннинг энг муҳим хабарларига тўхталиб ўтамиз.

Андижонга йўлга чиққан поезд нега тўхтаб қолгани маълум бўлди

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятига йўлга чиққан поезд бир соат тўхтаб қолгани ҳақида хабарлар тарқалганди. “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти бу ҳолат юзасидан изоҳ берди ва йўловчилардан узр сўради.

ҚҚСдан озод қилинган маҳсулотлар рўйхати ўзгарди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 16 июль куни Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган реализация қилиш оборотлари қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Чегара масаласи Президентларгача етиб борди

Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлари делегацияларининг икки мамлакат чегарасини делимитация қилиш бўйича навбатдаги учрашув Исфара шаҳрида бўлиб ўтди.

Тожикистон ҳукуматидан маълум қилинишича, яқин вақтларда Исфара шаҳрининг Ворух жамоатида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков учрашиши режалаштирилган.

Арипов халқаро автомагистрални очиб берди

Бугун, 17 июль куни “Бейнеу – Акжигит – Ўзбекистон чегараси” халқаро автомагистралининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин очиб берди. 

Ихтиёр Абдуллаев иши бўйича суд бошланди

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев иши бўйича суд жараёни бошланди. Бу ҳақда бир биридан мустақил бир-нечта манбалар хабар берди.

Ихтиёр Абдуллаев иши Ўзбекистон ҳарбий судида кўриб чиқиляпти ва тамомила ёпиқ ҳолатда ўтказиляпти.

Оҳангаронда мудҳиш ЙТҲ (видео)

Кеча, 16 июль куни соат 21:00 атрофида Тошкент вилояти Оҳангарон йўли А373 трассасида мудҳиш ЙТҲ юз берган. Бу ҳақда воқеа жойидан  QALAMPIR.UZ мухбири хабар бермоқда. 

Юк машинаси ва Spark енгил автомобили иштирокида содир бўлган ЙТҲ натижасида икки автомобил ҳам ёна бошлаган. Оқибатда трассада ҳаракатланиб бўлмаган, бошқа автомобиллар ва одамлар ЙТҲ бўлган жойга яқин бора олмаган.

ОТМ ректорлари пора олмасликка “қасамёд қилди”

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва олий таълим муассасалари ректорлари халққа мурожаат билан чиқди. ОТМ ректорлари коррупцияга қарши курашишга ваъда берди.

Ўзбекистон МТЖнинг ЖЧ-2022 саралашидаги рақиблари маълум бўлди

бугун, 17 июль куни Малайзия пойтахти Куала Лумпурда жойлашган Осиё футбол конфедерацияси бош қароргоҳида Жаҳон чемпионати-2022 ҳамда Осиё кубоги-2023 мусобақалари саралаш баҳсларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон терма жамоаси D гуруҳидан ўрин эгаллади.

D гуруҳи:

Саудия Арабистони
Ўзбекистон
Фаластин
Яман
Сингапур

Тошкентда ҳайдовчиларни тузоққа туширишнинг энг паст усулидан фойдаланиляпти...ми?

Ижтимоий тармоқларда давлат рақами кўрсатилмаган оқ рангдаги Nexia автомобилининг сурати тарқалди. Ушбу сурат Тошкентнинг Навоий шох кўчасида – Алишер Навоий номидаги кинотеатрнинг қаршисида туширилган. 

Унда автомобилнинг давлат рақами ўрнатилиши керак бўлган қора рангдаги пластик қисмига махсус мослама жойлаштирилганини кўриш мумкин. Мазкур мослама йўлда ҳаракатланиб кетаётган автомобилларнинг тезлигини ўлчаб боради ва маълумотларни автомобиль салонига ўрнатилган фоторадар хотирасига узатади.

Суриядаги ўзбекистонликларни қутқариш операциясига тайёргарлик бошланди

Ўзбекистон Яқин Шарқдаги жанговар ҳаракатлар давом этаётган ҳудудлардаги 177 нафар фуқаросини қайтаришга тайёргарлик кўряпти. “Улар ҳозир Суриянинг Ал-Хасака вилоятидаги “Ал-Хол” лагерида. Уларнинг шахслари аниқланган. Улар 48 та аёл, қолганлари эса болалардан, жумладан учта етим боладан ташкил топган”, деган ДХХ вакили.

Бухоро вилоятига янги прокурор тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғига асосан адлия катта маслаҳатчиси Дилшод Наджимович Файзиев Бухоро вилояти прокурори лавозимига тайинланди.

МОҚ Бош котиби лавозимидан озод қилинди

Бугун, 17 июль куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мажлислар залида Қўмитанинг навбатдан ташқари XXXVI Бош Ассамблея йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Бош котиби лавозимида ишлаб келган Жасур Матчановнинг ўз ҳохишига кўра ёзган аризаси кўриб чиқилди. Бош Ассамблея аъзолари Жасур Матчановнинг истеъфосини бир овоздан қабул қилишди ва Жасур Матякубович Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби лавозимидан озод этилди.

Равшан Золотой Ўзбекистонга қайтди

Ўзбекистонлик таниқли тадбиркорлардан бири, AIBA’нинг собиқ президенти Ғафур Раҳимовнинг жияни, “криминал авторитет” сифатида кўриб келинган “Равшан Золотой” – Равшан Муҳиддинов Ўзбекистонга қайтди. Бу ҳақда бир-биридан мустақил манбалар маълум қилмоқда. 

Тошкентда 3 ойлик чақалоқ вафот этди. Бунга эмлаш сабабми?

Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 15 июль куни 100 кунлик чақалоқ поликлиникада эмлашдан кейин вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унда 3 ойлик чақалоққа онасининг рухсатисиз 3 хил эмлаш дори воситаси юборилгач, гўдак икки кун ҳарорати кўтарилиб ётгач, вафот этгани айтилади.

Мазкур хабарларга аниқлик киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати билан боғландик. Вазирлик жорий йилнинг 5 апрель куни туғилган М.Н.нинг ўлими юзасидан дастлабки ўрганиш натижалари бўйича QALAMPIR.UZ`га маълумот берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

27

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг