ОТМ ректорлари пора олмасликка “қасамёд қилди”
Жамият
−
17 Июль 2019
7800Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва олий таълим муассасалари ректорлари халққа мурожаат билан чиқди. Қуйида мурожаат матни тўлиқ келтирилган.
Бундан бир аср муқаддам она юртимиз Туркистон ўлкаси тақдири зиёлиларимизнинг ҳаёт-мамот масаласига айланган пайтда буюк маърифатпарвар олим Абдурауф Фитрат “Ҳар бир мамлакатнинг толеси ва тараққиёти ёшларга қандай таълим ва тарбия берилишига ҳар томонлама боғлиқдир”, деган эзгу шиорни ўртага ташлаган эди.
Ўтган оғир ва машаққатли йиллар буюк келажакни ҳар томонлама етук ва юксак малакага эга мутахассис кадрлар тайёрламасдан қуриш мумкин эмаслигини тасдиқлади.
Шу боис, мамлакатимизда соғлом ва ҳар қандай иллатлардан холи бўлган таълим-тарбия муҳитини шакллантириш бугун ҳар биримизнинг муҳим ва устувор вазифамиз бўлмоғи лозим.
Бу йўлда тўсиқ бўлаётган муаммоларни баратараф этиш, таълим тизими софлиги ва шаффофлигини таъминлаш, айниқса, унинг обрўсига путур етказаётган коррупцияни бартараф этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифамиз ҳисобланади.
Маълумки, Шарқда ўқитувчи, устоз ҳамиша донишмандлик, ахлоқий поклик, ҳалоллик рамзи бўлиб келган. Таассуфки, айрим тамагир, таълимга тасодифан кириб қолган, ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўядиган кимсалар туфайли таълим муассасалари халқ назарида маълум даражада обрўсизланди.
Илмни ҳар доим ҳамма нарсадан устун қўйиб келган, нопок ишлардан хазар қилган, маънавияти ва маданияти юксак бўлган ўзбек халқи учун коррупция мутлақо ярашмайдиган иллатдир.
Айниқса, эндигина ҳаёт йўлларида қадам ташлаётган, беғубор қалби, мусаффо кўзлари-ла ўз келажагига ишонч билан боқиб турган ёш йигит-қизларни коррупция домига тортиш бу – энг мудҳиш жиноят саналади.
Шу боис, Ўзбекистонда тараққиётимизнинг янги босқичида бу иллатга қарши курашнинг энг самарали усулларини мужассам этган комплекс ёндашувга Давлатимиз раҳбари томонидан асос солинганини алоҳида эътироф этиш зарур.
Айниқса, 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўзининг туб моҳияти билан айнан коррупцияни таг-томири билан йўқ қилишга қаратилган тарихий ҳужжат бўлди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида таълим соҳасини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш ғоят долзарб вазифа этиб белгиланди.
Фармонга кўра, 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида айнан олий таълим соҳасида “коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш белгилаб қўйилганида чуқур маъно бор. Чунки, мамлакатда кечаётган ҳар қандай ислоҳотнинг муваффақияти биринчи навбатда таълимга боғлиқ.
Шу боис, Президентимизнинг жорий йил 24 ва 28 май кунлари олий таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар ва илм-фан соҳаси вакиллари билан бўлган учрашувлари чоғида ўқув даргоҳларида учраб турган тамагирлик билан боғлиқ ҳолатлар чуқур таҳлил қилиниб, бу иллат танқид қилинди. Коррупция таълим-тарбия тизими учун энг катта хавф сифатида эътироф этилди.
Ҳурматли ватандошлар!
Мамлакатимизда барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар таълим сифатини тубдан такомиллаштириш, билим масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёшларни олий таълимга кенг жалб қилиш каби ишларда ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Ҳудудларда янги олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, кадрлар тайёрлашнинг замонавий таълим йўналишлари, мутахассисликлари ҳамда сиртқи ва кечки бўлимларнинг очилиши, олий таълим муассасаларига қабул кўрсаткичларининг оширилиши мазкур йўналишдаги муҳим ислоҳотлар ҳисобланади.
Республикамиздаги олий таълим муассасалари сони 77 тадан 110 тага етди, улардан 19 таси хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари. Сўнгги икки йилда 12 та хорижий олий таълим муассасаси филиаллари ташкил этилди (АҚШ – 1, Россия – 5, Жанубий Корея – 3, Латвия – 1, Ҳиндистон – 2).
Биргина 2018/2019 ўқув йилида 20 та олий таълим муассасасида 10 та хорижий давлатнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 33 та таълим йўналиши ва 14 та мутахассислик бўйича қўшма таълим дастури асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Иқтисодиётнинг реал секторларида мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда жорий ўқув йилидан бошлаб 66 та замонавий таълим йўналиши ва 48 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиши фарзандларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда.
Олий таълимга давлат бюджетидан 2018 йилда 875,9 млрд сўм ажратилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 1 трлн 288,4 млрд сўмга етди ёки қарийб 1,5 бараварга кўпайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳада давлат бошқаруви самарадорлигини янада оширишга қаратилган Фармони ва Қарори олий таълим соҳаси учун тарихий воқеа бўлди.
Уларда олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш, шунингдек ректорларга талабаларни тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини белгилаш, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш каби ваколатларни бериш назарда тутилган.
Бу ўз навбатида олий таълим муассасалари раҳбарларининг мустақиллигини ошириш билан бирга, ректорларга жуда катта масъулият юклайди. Аммо, тан олишимиз керак, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, тизимда масъул ходимлар ўртасида коррупция билан боғлиқ ҳолатлар йўқолмаган. Ана шу каби ҳолатларни ҳам бартараф этиб, тизимни коррупциядан холи соҳага айлантиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тақдим этилди.
Муҳтарам профессор-ўқитувчилар!
Дунёдаги энг шарафли касб эгалари саналган азиз устозлар, мураббийлар!
Бугун ислоҳотлар ўзининг ҳал қилувчи энг юқори босқичига кўтарилган бир пайтда улуғ боболаримиз – бухорийлар, хоразмийлар, самарқандийлар, насафийлар, термизийлар, фарғонийлар, шошийлардан мерос бўлиб қолган ҳалоллик ва покликни шиор қилиб, фарзандларимизга илм-фан сирларини ўргатишда муносиб авлод бўлайлик!
Муҳтарам Президентимиз бизнинг ишлашимиз, яхши яшашимиз, дунёга чиқишимиз учун чексиз шарт-шароитларни яратиб бермоқда. Бир-биридан муҳташам қилиб қурилаётган замонавий илм-фан даргоҳлари биз ва болаларимиз учундир.
Уларга коррупциянинг суваракдек ўрмалаб киришига асло йўл қўймайлик. Ўз билими ва кучига астойдил ишонган фарзандларимизнинг илм сирларини ўрганишлари учун таянч бўлайлик.
Бугун олий таълим тизимига жуда катта эътибор кўрсатилаётган бир пайтда ёшларнинг ватанпарвар, юртга садоқатли ва ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етишига таҳдид солаётган коррупцияга қарши биргаликда курашайлик!
Азиз юртдошлар!
Юқоридагилар билан бир қаторда, биз – Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимининг барча раҳбар ва ходимлари “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини самарали таъминлашда олий таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг ўта муҳим аҳамиятини ва долзарблигини тўлиқ англаган ҳолда:
биринчидан, олий таълим муассасаларини тажрибали, ҳалол ва пок виждонли, масъулиятли профессор-ўқитувчи ва ходимлардан шакллантириб, уларнинг вазифаларини аниқ белгилаб берамиз;
иккинчидан, абитуриентларнинг олий ўқув юртларига қабул қилиш жараёнига, касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказишга, талабалар билимини баҳолашга ҳамда ўқишини кўчириш ёки қайта тиклашга, ўқишларини бошлаши учун турли хил сунъий тўсиқларга, фуқаролардан ҳар хил ноқонуний тўлов ундирилишига йўл қўйилмаслигига кўмаклашадиган “Жамоатчилик кенгаши”ни ташкил этиб, адолат ва шаффофликни таъминлаймиз;
учинчидан, талабаларнинг ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш тўғрисидаги мурожаатларини рад этиш, ортиқча ҳужжатлар талаб қилиш ҳолатларининг олди олинишини, шунингдек, фуқароларнинг аризаларини ўз вақтида кўриб чиқилиши ҳамда ортиқча оворагарчиликларга йўл қўйилмаслигини таъминлаб берамиз;
тўртинчидан, профессор-ўқитувчи ва талаба ўртасидаги бюрократик тўсиқларга йўл қўймаслик чораларини кўриб, уларнинг фаолиятини доимий таҳлил қилиб боришни, баҳолаш мезонларидаги шаффофликни кучайтириб, адолат уларнинг билимини баҳолашда асосий фактор бўлишини белгиловчи чораларни кўрамиз;
бешинчидан, олий таълим муассасаларини молиялаштиришнинг (давлат бюджети, шу жумладан, марказлаштирилган маблағлар ҳисобидан, ўқитишнинг тўлов контракт шакли, ривожлантириш жамғармаси ва грант маблағлари ҳисобидан) амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларига риоя қилинишини, харажатлар кўрсаткичларини шакллантириш тартибига амал қилиш ва ички молиявий тафтиш ишларини такомиллаштиришни, ушбу жараёнда коррупцияга оид ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этилишини қатъий назоратга оламиз;
олтинчидан, кадрларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, илмий-тадқиқот ишларини тайёрлаш ва татбиқ этиш, ходимларни ишга қабул қилиш ва лавозимга тайинлаш, таълим муассасаларини мақсадли ўрганиш каби масалалар билан боғлиқ барча ишларда коррупциянинг олдини олиш ва шаффофликни таъминлашга жиддий эътибор қаратамиз;
еттинчидан, тизимда коррупциянинг олдини олиш ва барча жараёнларда шаффофликни таъминлашга қаратилган тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишлари ҳамда маънавий-маърифий ва ташкилий тадбирларни (ўрганишлар, ижтимоий сўровлар, танловлар ва бошқалар) юқори савияга кўтарамиз.
Муҳтарам Президентимиз томонидан ўқишга адолатли йўл билан киришга эришишнинг барча ташкилий-ҳуқуқий жиҳатлари тўла яратиб берилди. Фақат уларга қатъий амал қилиш қолди, холос. Энг тўғри йўл – билим йўли, адолат йўлидир! Адолат эса ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирликдадир.
Биз, олий таълим тизими раҳбарлари, кўп сонли ректорлар, профессор-ўқитувчилар ва жамоатчилик вакиллари билан биргаликда коррупцияга қарши курашиб, фарзандларимизнинг келажаги ва Ватанимиз тараққиёти йўлида сидқидилдан хизмат қилишга ваъда берамиз.