Суриядаги ўзбекистонликларни қутқариш операциясига тайёргарлик бошланди
Жамият
−
17 Июль 2019
7958Ўзбекистон Яқин Шарқдаги жанговар ҳаракатлар давом этаётган ҳудудлардаги 177 нафар фуқаросини қайтаришга тайёргарлик кўряпти. Бу ҳақда “Cabar.asia” Ўзбекистон махсус хизматларига таяниб хабар берди.
“Улар ҳозир Суриянинг Ал-Хасака вилоятидаги “Ал-Хол” лагерида. Уларнинг шахслари аниқланган. Улар 48 та аёл, қолганлари эса болалардан, жумладан учта етим боладан ташкил топган”, деган ДХХ.
Жорий йилнинг 30 май куни гуманитар амалиёт натижасида Ўзбекистон қуролли тўқнашувлар ҳудудида бўлган 156 та фуқаросини мамлакатга қайтарди. Улар махсус рейс билан Дамашқдан Тошкентга келтирилганди.
Ушбу махсус операция “Меҳр” деб номланди ва мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойида амалга оширилди. Амалиётни ўтказишда бир қатор хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан Қизил хоч қўмитаси ва ЮНИСЕФ кўмаклашган.
фуқароларни Суриядан қайтариш бўйича топшириқни шахсан Шавкат Мирзиёев берган. Кейинроқ Мирзиёев ушбу жараён қийин кечганини тан олди.
“Суриядан фуқароларимизни катта қийинчилик билан олиб келдик. У ерга учган биринчи самолётимизни уриб тушириш билан таҳдид қилишди. Менга қўнғироқ бўлди, уриб туширишмоқчи деб. Мен энг яқин аэропортга қўниш ҳақида топшириқ бердим. Улар Озарбайжонга қўниб, кейин ортга қайтишди. Жангарилар лагерига 5 та автобусимиз кириб, 2 таси қайтиб чиқди. Қолган фуқароларимизни бермади”, – деди президент Сенатнинг Тошкентдаги 20-ялпи мажлисида.
Миризёевнинг сўзларига кўра, фуқароларни ҳарбий ҳаракатлар зонасига кетишига мамлакатда шароитлар етишмаслиги сабаб бўлган. Президент ушбу сабабларни бартараф қилиш кераклиги ҳақида гапирган.
“Хўш, улар нима учун кетган? Аҳволимиз хароб бўлгани учун, шароит бўлмагани учун кетган. Лекин у ерда нима бўлди? Хотин-қизларимизни сотишди, беш бола беш отадан, 14 ёшли қиз туққан. Шу ҳолат бизга ярашадими?”, деганди давлат раҳбари.
Қайтарилганлар кимлар?
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг маълумотига кўра, репатриантлар Марказий Осиёда тақиқланган “Ислом давлати” террористик ташкилоти назорат қилган ҳудудларда бўлган.
Уларнинг орасида 48 та аёл, бир эркак, қолганлари ёш болалар, жумладан иккита етим бола ҳам бор. Етиб келиши билан уларнинг барчасини Тошкент вилоятидаги “Бўстон” санаторийсига жойлаштиришган. У ерда ушбу фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, улар билан психологлар ва имом-хатиблар шуғулланмоқда.
“Тиббий текширув жараёнида икки аёл ва бир бола ўқ тегиши натижасида оёқларидан айрилганлиги, яна бир бола ўткир ичак инфекциясидан азият чекаётгани, болаларнинг 25 тасида соматик касалликлар бўлгани аниқланган. Учта болага пневмония ва септик отит ташхиси қўйилган. Яна бир бола пастки жағ остеомиелити ташхиси билан Тошкент тиббиёт академияси клиникасига ётқизилган”, деб жавоб берди ДХХ CABAR.asia порталининг сўровномасига.
Бундан ташқари, икки аёлнинг қўлида саккиз ва ўн ойлик гўдаклари бор. Яна бир 14 ёшли қизнинг тўрт ойлик чақалоғи бор. Президент айнан шу қиз ҳақида гапирганди. Уларнинг орасида шунингдек олти ойлик ҳомиладор аёл ҳам бор.
Ҳозирда репатриантларга паспортлар ва туғилганлик ҳақида гувоҳномалар берилган. Баъзиларга қарши жиноий иш очилган, аммо уларга нисбатан ҳибс билан боғлиқ бўлмаган чоралар кўрилмоқда.
LiveБарчаси