Равшан Золотой Ўзбекистонга қайтди

Жамият 21000
image

Ўзбекистонлик таниқли тадбиркорлардан бири, AIBA’нинг собиқ президенти Ғафур Раҳимовнинг жияни, “криминал авторитет” сифатида кўриб келинган “Равшан Золотой” – Равшан Муҳиддинов Ўзбекистонга қайтди. Бу ҳақда бир-биридан мустақил манбалар маълум қилмоқда. 

Равшан Муҳиддинов жорий йилнинг 11 июль куни Тошкентга қайтгани айтилмоқда. 

Гап шундаки, 2007 йилда 18 яшар Равшан Муҳиддиновга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 242-моддаси бўйича бўйича жиноий иш қўзғатилиб, қидирув эълон қилинганди.
 
Муҳиддинов бундан 12 йил аввал, Ғафур Раҳимовга нисбатан тазйиқлар кучайган даврда оғир жиноятларда айбланган ва мамлакатни тарк этган. У асосан Туркиянинг Истанбул ва Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳарларида истиқомат қилган. Бу орада Ўзбекистоннинг талаби билан шу шаҳарлардаги қамоқхоналарда ҳибсда сақланган.  

Равшан Муҳиддинов номи Тошкентга қайтиши арафасида Ички ишлар вазирлиги сайтининг қидирувдаги шахслар рўйхатидан олиб ташланди. Бундан бир неча ой аввал ушбу рўйхатда Ғафур Раҳимовнинг ҳам номи бор эди. Орадан кўп ўтмай, Раҳимовнинг номи ҳам рўйхатдан ўчирилди ва у мамлакатга қайтиб келди. 

QALAMPIR.UZ мазкур масалага аниқлик киритиш ва расмий маълумот олиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот хизматининг яп-янги раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов билан боғланди. Доимгидек, сўровимиз натижасиз қолди. Ҳаёт Шамсуддинов ҳеч нарсадан хабари йўқлигини айтди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 654
Рейтинг: 2.9
t
×
×