Фирдавс Абдухолиқов суди қолдирилди. Адвокат суд ими-жимида ўтишини сўрамоқда
Жамият
−
04 Февраль 2022
10164Бугун, 4 февраль куни Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан очилган маъмурий иш бўйича навбатдаги суд мажлиси ўтказилиши белгиланганди.
Бироқ судланувчининг саломатлиги билан боғлиқ муаммо борлиги сабабли судья эшитувни номаълум муддатга қолдирди. Бу ҳақда суд залидан QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова хабар берди.
Медиамагнат Фирдавс Абдухолиқовнинг адвокати судьядан суд иши давомида ҳимоясидаги Абдухолиқов оммавий ахборот воситалари томонидан суратга ва видеога олинишига тақиқ қўйилиши ва суд қарори эълон қилингунга қадар суд жараёнини интернет ёки бошқа ОАВларда ёритилмаслигини сўради. Судья бу масалани судланувчи соғайгач, кейинги суд мажлисида ҳал қилинишини билдирган.
Абдухолиқовнинг судни ОАВ учун ёпиқ шароитда кўриш бўйича илтимосига судья қандай жавоб қайтариши бизга ҳозирча қоронғу. Аммо шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июнь куни қабул қилинган ПФ-6247 сонли “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини эслатиб ўтиш лозим.
Фармонга мувофиқ ўтган йилнинг 1 декабрдан бошлаб давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар бўйича суд мажлислари телеканаллар ва интернетда жонли эфирга узатилиши керак. Абдухолиқов ишида фармоннинг бу банди унутилмоқда. Негаки, иш бўйича дастлабки суд мажлиси, масала жамоатчилик диққат марказида турганига қарамай, ҳеч кимга билдирмасдан, ими-жимида ўтказиб юборилди.
"Сабрия" машмашаси
Аввалроқ, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган "Сабрия" сериалида ахлоқсиз саҳналар мавжудлиги ва бу жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани ортидан экспертиза тайинланганини эълон қилган эди.
Орадан кўп ўтмай, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам “Сабрия” сериалини танқид қилди ва ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафратни кўрмаганини билдирди.
Ушбу масала кун тартибига чиқиши ортидан телеканал продюсери Амира Рашидова ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдириб, “ахлоқсиз” деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли” эканини маълум қилди.
Шундан сўнг, мазкур масалага Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам изоҳ берди. Унга кўра, “Сабрия” сериали ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёз.
Орадан кўп ўтмай, “Sevimli” телеканали Бош директори вазифасини бажарувчи А.Хўжаев ва бош муҳаррир Қ.Сайдалиев лавозимидан озод этилди. Канал Кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб жамоатчилик асосида Фирдавс Абдухолиқов сайланди. Шунингдек, шу пайтга қадар ЎзЭОАВМА бош директори лавозимида ишлаб келаётган Ж.Сафоев канал бош директори вазифасига тайинланган.
20 январь оқшомида “Sevimli” телеканали бош продюсери Амира Рашидова яна ижтимоий тармоқлар орқали баёнот билан чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевадан узр сўради.
Шунингдек, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ахлоқсизликни телевидениеда тарғиб қилишни давлатга хиёнат сифатида баҳолади.
Кейинроқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистон Кинематография агентлиги “Sevimli” телеканалига давлат буюртмаларини бериб келгани, шунингдек, субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганини маълум қилди.
Орадан бир неча кун ўтиб, Бош прокуратура Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан маъмурий иш очгани маълум қилинди. Бироқ маҳкама негадир иш судга оширилиб, кўриш бошлангач, ахборот берилгани кутилмаган бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь