Юнусободда яна “снос”. Бош ролда прокуратура ходими Умид Азизов

Жамият

25 январь. Бутун Ўзбекистон 20 соат давомида “свет”сиз қолди. Ҳатто, пойтахт Тошкент ҳам зулматга чўмиб, республика раҳбарияти энергетика соҳасидаги муаммоларни бартараф қилиш, одамларни тинчлантириш билан овора бўлиб турган бир пайтда “снос”ни “касб” қилиб олганлар эски “қилмиш”ларини такрорлади. Эчкига жон қайғуси, қоссобга мой қайғуси деб шуни айтишса керак.

Гап 25 январь куни Юнусобод туманининг 6-мавзесида бузилган дўконлар ва уларнинг бир неча соатга қамаб қўйилган раҳбарлари хусусида кетмоқда. Бош ролда эса Юнусобод тумани 2-сектор котиби – прокуратура ходими Умид Азизов. Сиз уни аввалги “снос”ларга бош-қош бўлгани ва QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддиновани ички ишлар идораларига олиб кетиш билан таҳдид қилгани орқали яхши танийсиз. 2021 йилнинг сентябрида муҳокамалар марказига чиққан ушбу воқеа ортидан Азизовга нисбатан дастлаб, “одоб дарси” сўнгра, “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилади. Юнусобод тумани ҳокими ўринбосари Шуҳрат Қўчқоровга нисбатан интизомий жазога тортиш бўйича иш қўзғатилди.

Содир бўлганидан кўп ўтмаган ва ҳали унутилмаган ушбу воқеадан прокуратура ходими Азизов ҳам, туман прокуратураси ҳам, Юнусобод тумани ҳокимлиги ҳам хулоса чиқармаган чоғи ҳолат яна такрорланди. Бу сафар буз-бузлар тушда бошланиб, тунгача давом этди. "Снос" қаҳрамонлари қоронғуда қилганларини ҳеч ким кўрмайди, ўйлашган чоғи.

Навбатдаги “қирғин”да 2018 йил Юнусобод туман ҳокими қарори билан қурилган 13 та дўконнинг 7 таси абгор ҳолга келтирилган. Дўконлари бузилишига қарши чиққан тадбиркорлар эса ҳуқуқ-тартибот органларига олиб кетилган. Ҳозирча Азизов ва "снос"га бош-қош бўлганларнинг қўлида расмий ҳужжат, суд қарори бўлган-бўлмагани бизга номаълум. Юнусобод тумани ҳокимлиги ҳам бу ҳақида маълумот беролмаяпти. Ҳар холда буздираётганлар тадбиркорларга дўконлари бузилиши ҳақида суд қарорини тақдим этмаган.

QALAMPIR.UZ маълумотларига кўра, дўконлар Юнусобод ҳокими вазифасини бажарувчи Б.Абдусаматов 2018 йил 3 март куни имзолаган қарори асосида қурилган. Бу оралиқда ҳокимбува порахўрликда айбланиб, қамалиб кетди. Ўтган вақт мобайнида эса қурилиш ва фаолиятлари давомида тадбиркорларга ҳеч қандай эътироз бўлмаган. Бузишга келганда эса ҳеч қандай огоҳлантириш хати ёки суд қарори тақдим этилмаган.

Юнусобод тумани 6-мавзеда бўлган бузилишдан азият чеккан тадбиркорлар фарёдини бугун, 26 январь куни QALAMPIR.UZ’ да эшитасиз. Бироздан сўнг таҳлилий материални тақдим этамиз. Сайтимизни ва YouTube каналимиз, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизни кузатиб боринг.


Мақола муаллифи

Теглар

Юнусобод прокуратура тадбиркор ҳоким СНОС

Баҳолаганлар

330

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг