QALAMPIR.UZ суриштирувидан сўнг, Юнусобод тумани ҳокими ўринбосарига нисбатан иш қўзғатилди

Жамият

image

Тошкентнинг Юнусобод тумани ҳокими ўринбосари Шуҳрат Қўчқоровга нисбатан интизомий жазога тортиш бўйича иш қўзғатилди. Бу хақда Бош прокуратура QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.

Қайд этилишича, у қонун талабларига риоя қилмасдан туманнинг 2-мавзе, 7-уй олди қисмида расталарни ўрнатишга, шу йўл билан вақтинчалик фойдаланишга ер майдони ажратиб беришга рухсат бериб, шу жойда капитал қурилма қурилишини олдини олиш чораларини кўрмаганликда айбланмоқда.

Гап шундаки, жорий йилнинг 6 сентябрь куни QALAMPIR.UZ жамоаси Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 2-мавзеда қурилиши якунланмаган 14 та бино прокуратура ва ички ишлар ходимлари иштирокида бузиб ташланаётгани ҳақидаги мурожаат юзасидан ўрганиш ўтказиш учун воқеа жойига етиб боради.

Маълум бўлишича, тадбиркор дўкон қуриш учун Юнусобод туман ҳокимлигига мурожаат қилган. Туман ҳокими ўринбосари Шуҳрат Қўчқоров имзоси билан енгил конструкцияли дўкон қурилишига эътироз йўқлиги ҳақида жавоб хати келган. Кейинчалик, “Max Desigm House” МЧЖ томонидан ҳоким ўринбосарига дўкон лойиҳаси ҳам тақдим этилган. Юнусобод тумани ҳокими ўринбосари оғзаки тарзда дўконларни қуришга рухсат берган.

Юнусобод туманида дўкон қурган тадбиркорлар QALAMPIR.UZ'га қилган мурожаатида туман ҳокими ўринбосари Қўчқоров устидан шикоят қилган. Улар Қўчқоров тадбиркорларга қурилиш учун расмий ҳужжат олиб бериш ваъда қилганини айтади.

Бироқ, бундан бир ой аввал Юнусобод туман ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов қурилиш майдонига келиб “Max Disegm House” МЧЖ томонидан қурилаётган дўконларни кўздан кечирган. Юнусобод ҳокими қурилган дўконларни бузиш кераклиги, акс ҳолда ўзи буздириши ҳақида оғзаки огоҳлантирган. Тадбиркор қурилиш учун рухсат борлиги, ҳоким ўринбосари Шуҳрат Қўчқоров томонидан эътироз бўлмаганини айтганидан сўнг, бузиш ҳақидаги гаплар тўхтаган, аммо масала буткул ҳал бўлмаган.

Дўконларни қуриш май ойида бошланган. 4 ой давомида ҳеч қандай эътироз қилинмаган. Тадбиркор анчагина маблағ сарфлаб, ҳокимият ободонлаштириши керак бўлган жойларни ўз чўнтагидан таъмирлатгач, дўкон кўзга кўриниб қолгандан сўнг, буздириш бошланган.

14 сентябрь куни Юнусобод туман ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда ҳудуддаги тадбиркорларнинг дўконлари суд қарорисиз бузилганига изоҳ берди.

“Ҳеч қандай қарорсиз қандайдир объект қуриш мумкинми?! Уларга қурмаслиги ҳақида икки марта огоҳлантириш ҳам берилган. Ўша тадбиркор билан ўзим ҳам гаплашганман. “Тўхта, қурма!”, деганман. AПЗ-1, AПЗ-2 деган нарсалар бор. Эртага қаердан сув улайди, қаердан электрга улайди, бу нарсалар-чи?! Ҳеч бўлмаганда қурилиш лойиҳаларига жавоб берадиган жойми? Сизлар фақат бир томонлама қараманглар-да!

Мени тадбиркорларга қаршилигим йўқ. Мен улардан нима асосида қурилиш бошлаганлари ҳақида сўрадим. “Қўчқоровнинг хати бор”, дейишди. Менинг ўринбосарим Қўчқоровнинг ўша хатини ўқиб кўрсангиз, битта “Дала дўкон” – йиғма бўлгани сабабли сабзавотлар сотиш учун рухсат берилган. У кўп қаватли уйлардан одамлар тушади, шундай дўконга эҳтиёж бор, деб уч-тўртта қарияга қўл қўйдириб, ариза ёзибди. Унинг бу иши учун раҳмат! Лекин, ўша дўкон ёнидан яна 14 та дўкон қуришга рухсат берилмаган-ку! Қурдирилган дўконларнинг тагида иссиқлик тармоғи бор. Носозлик келиб чиқса, атрофдаги кўп қаватли уйлар иссиқ сувсиз қолиб кетадими?”, деганди Иброҳимов.

Эслатиб ўтамиз, дўкони бузилаётган тадбиркорлар мурожаатини ўрганиш давомида журналист Феруза Нажмиддинова, тасвирчи Хўжамиёр Холмуродов ва юрист Шоҳрух Олимжоновнинг журналистик фаолиятига Юнусобод тумани прокуратураси ходими Умид Азизов томонидан тўсқинлик қилинганди. Азизов ёнидаги ички ишлар посбонларига ОАВ ходимлари тартибсизлик келтириб чиқараётганини айтиб, уларни Ички ишлар бўлимига олиб боришларини буюради. Бунинг учун махсус автобус ҳам чақиртирилади. Шунингдек, QALAMPIR.UZ ходимларидан тасвирга олмаслик талаб қилинади. Шахсан У.Азизов QALAMPIR.UZ тасвирчиси Х.Холмуродовни ёнига чақириб, тасвирларни ўчириб юборишини ва воқеа жойидан кетишини талаб қилади.

Прокуратура ходими видеоларни ўчириш, акс ҳолда журналистни ва унга ҳамроҳлик қилаётган QALAMPIR.UZ ходимларини Ички ишлар бўлимига олиб бориш ва керакли жойда гаплашиш билан таҳдид қилган.

Бош прокуратура ушбу ҳолат ҳақиқатан ҳам рўй берганини аниқлаб, аввалига Азизовга "одоб дарси" ўтилганини маълум қилганди. Бироқ, бунга QALAMPIR.UZ эътироз билдириб, прокуратура ходимининг хатти-ҳаракатлари Жиноят кодексининг 206-моддаси билан малакаланиши кераклиги ҳақида расмий баёнот билан чиққан эди. Бугун, 17 сентябрь куни Бош прокуратура яна бир баёнот билан чиқди. Унда айтилишича, Юнусобод тумани прокуратураси ходими Умид Азизовга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

207

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг