Ноқонуний қурилишнинг ноқонуний бузилиши тўғрими? Сўз ҳокимга

Интервью

Жорий йилнинг 6 сентябрь куни, QALAMPIR.UZ’га келиб тушган мурожаат асосида таҳририят аъзолари Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 2-мавзеда қурилиши якунланмаган 14 та бино прокуратура ва ички ишлар ходимлари иштирокида бузиб ташланаётгани ҳақидаги мурожаатни ўрганиш учун воқеа жойига боргани ҳақида хабар берган эдик.

Кеча, 14 сентябрь куни Юнусобод туман ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда ҳудуддаги тадбиркорларнинг дўконлари суд қарорисиз бузилганига изоҳ берди.

Феруза Нажмиддинова, журналист: — 6 сентябрь куни QALAMPIR.UZ орқали Юнусобод туманининг 2-мавзесида 14 та дўкон бузилаётгани ҳақида мақола ва видео эълон қилинган эди. Орадан шунча вақт ўтишига қарамай, Юнусобод туман ҳокимияти бу масалага ҳеч қандай муносабат билдирмади. Ваҳоланки, туман ҳудудида ҳокимлик рухсатисиз ҳеч қандай қурилиш амалга ошириш мумкин эмас.

Жаҳонгир Иброҳимов, Юнусобод туман ҳокими: — Ҳеч қандай қарорсиз қандайдир объект қуриш мумкинми?! Уларга қурмаслиги ҳақида икки марта огоҳлантириш ҳам берилган. Ўша тадбиркор билан ўзим ҳам гаплашганман. “Тўхта, қурма!”, деганман. AПЗ-1, AПЗ-2 деган нарсалар бор. Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Эртага қаердан сув улайди, қаердан электрга улайди, бу нарсалар-чи?! Ҳеч бўлмаганда қурилиш лойиҳаларига жавоб берадиган жойми? Сизлар фақат бир томонлама қараманглар-да!

Ф.Н.: — QALAMPIR.UZ’га мурожаат келган вақтда ҳар томонни ўрганишга ҳаракат қиламиз. Aйнан 6 сентябрь куни ҳам Юнусобод туман ҳокимлиги ва прокуратурасига бордик. Aфсуски, тайинли жавоб ололмадик. Aйтайлик, тадбиркор ноқонуний дўкон қураётгандир, прокуратура ходими нега ноқонуний, ҳеч қандай суд қарорисиз бузишга киришган?

Ж.И.: — Мени тадбиркорларга қаршилигим йўқ. Мен улардан нима асосида қурилиш бошлаганлари ҳақида сўрадим. “Қўчқоровнинг хати бор”, дейишди. Менинг ўринбосарим Қўчқоровнинг ўша хатини ўқиб кўрсангиз, битта “Дала дўкон” – йиғма бўлгани сабабли сабзавотлар сотиш учун рухсат берилган. У кўп қаватли уйлардан одамлар тушади, шундай дўконга эҳтиёж бор, деб уч-тўртта қарияга қўл қўйдириб, ариза ёзибди. Унинг бу иши учун раҳмат! Лекин, ўша дўкон ёнидан яна 14 та дўкон қуришга рухсат берилмаган-ку! Қурдирилган дўконларнинг тагида иссиқлик тармоғи бор. Носозлик келиб чиқса, атрофдаги кўп қаватли уйлар иссиқ сувсиз қолиб кетадими?

Ф.Н.: — Тўрт ойдан буён Юнусобод туман ҳудудида қурилиш бўла туриб, нега ҳеч ким миқ этмаган? Нега ёзма тарзда огоҳлантириш хати берилмаган? 

Ж.И.: — Ёзма огоҳлантириш хатини кимга бериш керак? 

Ф.Н.: — Тадбиркорга!

Ж.И.: — Қайси манзилга юбориш керак?

Ф.Н.: — Ҳокимликка хат билан мурожаат қилган мазилга. 

Ж.И.: — Мен бориб огоҳлантирган пайтим энди фундамент қўйилган эди. Дўконларни қуришни вақтида тўхтатиш ҳақида огоҳлантирганман. 

Ф.Н.: — Оғзаки огоҳлантиргансиз!

Ж.И.: — У оғзаки қургандан кейин, мен ҳам оғзаки огоҳлантираман-да! Қўлида ҳужжат билан қурса, ҳужжат билан огоҳлантираман. 

Ф.Н.: — Тадбиркорларнинг айтишига қараганда, қурилиш жойига бориб оғзаки огоҳлантиргансиз. Улар эса ўринбосарингиз томонидан рухсат берилганини айтишганидан сўнг ҳаммаси ўз ҳолича давом этаверган.

Ж.И.: — Мана шу ноқонуний қурилишлар бўйича 3 марта суд бўлди. Улар учала суд мажлисига ҳам келгани йўқ. Куни кеча ҳам суд бўлди. Келишмагани учун суд қолдирилди. 

Уларнинг қурилиш бошлаши учун ҳокимият рухсат бермайди. Бунинг учун Қурилиш бошқармаси бор. Шаҳар ҳокимининг қарори бўйича ёки ерни аукционда сотиб олиб, ҳужжатларни Қурилиш бошқармасининг кенгашига тақдим этади. Унинг лойиҳаси кенгашда кўриб чиқилади ва AПЗ-1 ёки AПЗ-2 олади. 11 та хизмат унга қурмоқчи бўлган объектининг остида коммуникация тармоқлари бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот беради. Мана шу нарсалар бўлиши керак-ку! Дуч келган инсон истаган жойида қурилиш қилаверса, нима бўлади?!

Тадбиркорларга мени ҳеч қандай қаршилигим йўқ. Ўзи билан ҳам гаплашдим, телефон орқали ҳам гаплашдим. “Ҳей, оғайни, қўйгин, ундай қурилиш қилма. Шу қурилишларингни қонунийлаштириб қўйгин”, дедим. Ўша жойни аукцион орқали сотиб олишини ҳам айтдим. Лекин ундай қилишмади. Ўша ерга сизларни чақиришган ва тушунмовчилик келиб чиққан. Мен ўша пайтда воқеа жойида бўлмаганим учун узр сўрайман.

Ф.Н.: — QALAMPIR.UZ’га мурожаат келган вақтда ҳар томонни ўрганишга ҳаракат қиламиз. Aйнан 6 сентябрь куни ҳам Юнусобод туман ҳокимлиги ва прокуратурасига бордик. Aфсуски, тайинли жавоб ололмадик. Aйтайлик, тадбиркор ноқонуний дўкон қураётгандир, прокуратура ходими ноқонуний буздиришга қанчалик ҳақли?

Ж.И.: — Ноқонуний қургани айтилган. Қарорни кимга кўрсатаман. Ўзи ноқонуний қурилган-ку.

Эслатиб ўтамиз, тадбиркорлар мурожаати бўйича воқеа жойига чиққан QALAMPIR.UZ ходими эканини тасдиқловчи ҳужжат билан “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган тартиблардан четга чиқмаган ҳолда, журналистик фаолиятини амалга оширишга киришган QALAMPIR.UZ журналисти ва тасвирчисига Юнусобод тумани прокуратураси ходими Умид Aзизов томонидан тўсқинлик қилинганди. Aзизов ёнидаги ички ишлар посбонларига ОAВ ходимлари тартибсизлик келтириб чиқараётганини айтиб, уларни ИИБга олиб боришларини буюрган.

Ҳолат акс эттирилган видео QALAMPIR.UZ да эълон қилинганидан сўнг Бош прокуратура Юнусобод тумани 2-сектор котиби Умид Aзизов томонидан QALAMPIR.UZ интернет нашри тасвирчисига олинган видеоларни ўчириб, кейин кетишини айтиб, журналистик фаолиятга тўсқинлик қилганлиги аниқланганини маълум қилди. Бироқ, охир-оқибат прокуратура ходими жавобгарликка тортилмади. Қонунни ҳимоя қилувчи ташкилот қонунни бузган ходимига “одоб дарси” ўтиш билан чекланди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

81

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг